Қирғиз-тожик можароси Путин эмас, Мирзиёевнинг аралашуви билан барҳам топгани айтилди
Жамият
−
01 Май 2021
42993Қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашув Россия Федерацияси Президент Владимир Путиннинг эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий аралашуви билан барҳам топган. Бу ҳақда Президентнинг собиқ Матбуот котиби – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Сиёсатдон ўз мулоҳазаларини ёзиш аввалида икки қўшни мамлакат ўртасида келиб чиққан ушбу можаро урушга айланиб кетишидан хавотирланганини айтади.
“Куни кеча бутун матбуот қирғиз ва тожик чегарасидаги отишмалардан ларзага келди. Очиғи, шахсан мен бу ҳодиса катта урушга айланиб кетишидан қаттиқ хавотирга тушиб қолдим. Танклар ва ҳарбий самолётларнинг отишмаларини кўриб, вазият осонликча ўнгланмайдигандек туюлди. Қанчадан қанча одам вафот этди. Жуда кўплар яраланди”.
Алламжоновга кўра, Мирзиёев Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқотда уларни муросага келтирган.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва шахсий аралашуви натижасида бугун бу муаммо барҳам топди. Тожикистон ҳамда Қирғизистон Президентларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, ўзаро муросага эришилди.
Эртага яна баҳсли фикрлар бўлар, балки. Ким биринчи уруш бошлади, ким ҳақу ким ноҳақ деган айбловлар ҳам ўртага чиқиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам, қўшниларимиз бир-бирлари билан келишиб олишди. Ўзбекистон раҳбари дунё ҳамжамияти кўз ўнгида Марказий Осиё минтақасидаги ўз овозига эга, энг авторитет шахс, вазиятни барқарорлаштира оладиган лидер сифатида намоён бўлди.Шубҳасиз, бунда кейинги йилларда давлатимиз ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга ўзгаргани, дўстона алоқалар ўрнатилгани самара берди.
Уруш тўхтади. Аллоҳга минг шукур”, деб ёзади Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртаси бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жапаров ва Раҳмон май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган.
Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини маълум қилган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.