Тожик-қирғиз можароси: меҳрибон Путин вазиятни ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёр
Олам
−
30 Апрель 2021
14514Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Албатта, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига бўладими ёки бошқа, турли хил форматдаги мавжуд умумийлигимизни ҳисобга олган ҳолда, Президент [Путин] ҳар доим иштирокчи мамлакатлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ўткир муаммоларни ҳал қилишда воситачи ролини бажаришга тайёр. У буни самарали бажара олишини аввал ҳам бир неча бор намойиш этган”, дейди у.
Песковга кўра, Россия тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятдан хавотирда.
“Иккала томон ҳам ташқи ишлар вазирлари орқали алоқа ўрнатди. Биз, албатта, ушбу [Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро ҳақидаги] янгиликдан хавотирдамиз ва вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз. Ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ тузилганидан мамнунмиз. Умид қиламизки, бу – ҳаддан ошишларга йўл қўймайдиган доимий сулҳ бўлади”, дейди давлат раҳбарининг матбуот котиби.
Сўнгги маълумотларга кўра, можаро оқибатида Қирғизистон тарафидан 31 киши ҳалок бўлган ва 130 дан ортиқ киши яраланган. Шунингдек, Қирғизистон чегарага яқин ҳудудда яшовчи 20 мингдан ортиқ аҳолисини эвакуация қилган. Расмий Душанбе эса саккиз киши ҳалок бўлгани ва 31 киши яралангани ҳақида хабар бермоқда.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь