Гутерриш БМТ Украинани урушдан қутқариб қололмаганини тан олди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россиянинг Украинага қарши урушининг олдини олиш ва тўхтатишга қодир эмаслигини тан олди. Бу ҳақда Киевда Президент Владимир Зеленский билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўз борди.

“Тушунтиришга ижозат беринг. Хавфсизлик Кенгаши бу урушнинг олдини олиш ва уни тўхтатиш учун қўлидан келган барча ишни қила олмади. Бу оммавий ҳайрат, умидсизлик ва ғазабга сабаб бўлди. Лекин БМТнинг ҳар бир вакили ҳар куни украиналиклар учун, Украина ташкилотлари билан елкама-елка ишлайди”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, БМТнинг Украинадаги миссияси жуда тез ташкил этилди, бироқ “ҳамма нарса аъло даражада ишламаяпти”.

“Биз кўрсата оладиган ҳар қандай ёрдам ҳозирги эҳтиёжлар олдида хира тортади”, деган БМТ Бош котиби ва ташкилот кўпроқ ҳаракат қилишига ишонтирган.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Киевга ташриф буюрди ва у ерда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Шунингдек, у Киев вилоятининг бир муддат руслар назоратида бўлган шаҳарларига борди.

Украина расмийлари Гутерришнинг ташрифи давомида рус ҳарбийлари Киев марказига ҳужум уюштирганини маълум қилди. Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулебанинг айтишича, БМТ Бош котиби пойтахтга ташриф буюрган пайтда Россия Киевга қанотли ракеталар билан зарба бергани “жирканч ваҳшийлик”дир.

Бир кун олдин Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага ташриф буюрган Гутерришнинг ўзи BBC шарҳида бу ўққа тутилганидан “ҳайратда қолганини” айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг