Жээнбеков Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадаги можаролар ҳақида гапирди
Интервью
−
09 Август 2020
27721Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков “Биринчи радио”сига интервью бериб, унда чегарадаги чожаролар, Тожикистон-Қирғизистон чегарасида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида келиб чиққан низо, шунингдек, Тожикистон ва ва Ўзбекистон билан чегараларнинг делимитация ва демаркация қилиниши хусусида гапирди.
“Чегара масаласини ҳал қилишда, аввало, мамлакатимиз манфаатларини ҳисобга олиш керак. Ҳар бир давлат ўз манфаатларини кўзлайди”, деб гап бошлайди Жээнбеков.
Жорий йилнинг 31 май куни Сўх туманининг Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечма қишлоғи аҳолиси ўртасида тўқнашув юз берганди. Тўқнашув ортиқча талафотларсиз барҳам топди.
Президент Жээнбков Тожикистон билан чегара масаласини ҳал қилиш ҳақида гапираркан, бу рўйхатга Ўзбекистонни ҳам қўшади.
“Ҳозирда қўшни Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарани аниқлаштириш ишлари давом этмоқда. Ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар доимий алоқада бўлиб, иш олиб бормоқдалар.
Иш яхши ривожланаётган эди, аммо коронавирус пандемияси уни тўхтатиб қўйди. Биз ушбу йўналишда ишлашда давом этамиз. Айниқса, қирғиз-тожик чегара ҳудудлари масаласи жуда муҳим”, дейди Президент.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 976 километрлик чегара мавжуд бўлиб, шундан фақат 504 километри бўйича келишувга эришилган. Муаммоли Ворух қишлоғи борасида ҳам муросага келинмаган. Белгилаб олинмаган ҳудудларда ер, сув, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва этник тўқнашувлар кузатилади. Низолар вақтида тош билан бир-бирига ҳужум қилиш баъзан эса ўқотар қуроллардан фойдаланиб отишмалар содир этиш ҳолатлари кузатилади.
Жорий йилнинг ўзида икки мамлакат аҳолиси ва чегарачиларининг бир-бирига қурол ўқталгани билан боғлиқ учта ҳолат ҳақида маълумот берилди.
8 май куни кечқурун Боткен вилоятининг Чек минтақасида Чек участкасининг 50 гектар майдонидан фойдаланиш масаласида Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегарадош минтақалари аҳолиси ўртасида можаро келиб чиққан. Можаро давомида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бир-бирларига тош отганлар.
Шундан сўнг, “жанг“га тожик аскарлари қўшилган ва кутилмаганда қирғиз чегарачилари ва фуқаролар томон қарата ўт очишган. Отишма пайтида Қирғизистон Давлат чегара хизматининг уч ходими ва бир фуқароси турли даражада жароҳат олган.
24 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна икки давлат ҳарбийлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Ворух анклави аҳолиси Боткен вилояти Боткен тумани Мўйноқ қишлоғи ҳудудида чорва молларини боқишга уринган. Қирғизистон чегара хизмати бунга қаршилик қилган, оқибатда тожик томонида номаълум шахс ўт очган.
6 август куни соат 05:00 атрофида Боткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув юз берди.
Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган маълумотга кўра, тўқнашув натижасида бир фуқаро ҳалок бўлган.
Қирғизистон раҳбари сўзида давом этаркан, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан муносабатларига ҳам баҳо берди.
“Ҳурматли тожик ҳамкасбим Имомали Раҳмон билан қаерда учрашсак, ҳар доим чегара масаласини муҳокама қиламиз.
Баъзи бир силжишлар бор, лекин юқорида айтиб ўтилганидек, муаммо ҳалигача ҳал қилинмаган. Икки мамлакат ўртасида ўзаро тушуниш мавжуд.
Баъзида чегарадаги кескинликлар ички муаммолар туфайли кучаяди. Шунинг учун маҳаллий ҳокимиятлар аҳоли билан фаол иш олиб бормоқда”, дейди Жээнбеков.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор билан 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури қабул қилинмоқда.
Дастурда Ўзбекистон – Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиялар учрашувларида Давлат чегаралари делимитация масаласини ҳал этиш, Фарғона вилоятининг Риштон туманидан Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи Сўх туманига автомобиль йўлини очиш ва Қирғизистон ҳудудидаги яйловлардан фойдаланиш масаласини кўриб чиқиш белгиланди.
Жээнбеков ҳам Ўзбекистонга чегарадош Боткен вилоятидаги вазиятни барқарорлаштириш учун ҳудуд шароитини яхшилаш керак деган фикрда.
“Ҳукумат таркибига чегара масалалари билан шуғулланадиган бош вазир ўринбосари киради. Акром Қамбаралиевич Қадамжой вилоятининг ҳокими бўлган, Боткен вилоятидаги ваколатли шахс эди, у бу муаммони яхши билади.
Кескинликни камайтириш учун чегарадош қишлоқлар ва ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боткен менинг диққат марказимда.
Биз йўлларни таъмирлашга, мактаблар, шифохоналар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий объектларни қуришга катта эътибор қаратмоқдамиз.
Бюджет тақчиллиги ва ҳозирги мураккаб вазият шароитида ҳам биз бу ишни тўхтатмаймиз. Аммо чегара масаласи, юқорида айтиб ўтилганидек, бир томонлама ҳал этилмайди. Бу мамлакатимиз мустақилликка эришганидан бери пайдо бўлган савол. Биз бу ишни мулоқот орқали давом эттирамиз ва аминманки, масала ҳал қилинади”, дейди Президент.
LiveБарчаси