Ўзбек-қирғиз можароси бўлган ерда оромгоҳ қурилади – Ариповнинг Сўхга ташрифи бўйича батафсил
Жамият
−
01 Июнь 2020
18301Хабар берганимиздек, кеча, 31 май куни Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикалари чегарасида жойлашган Чашма қишлоғининг чашма булоғи олдида икки давлат фуқаролари ўртасида катта можаро чиққан. Бугун, 1 июнь икки давлат ҳукумати вакиллари учрашув ўтказиб, вазиятни барқарорлаштирди. Келишувга биноан, можаро бўлиб ўтган ҳудудда замонавий дам олиш маскани барпо этиладиган бўлди. Бу ҳақда Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Вазиятни ўрганиш мақсадида кеча Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Сўх туманига Ўзбекистон Республикаси бош вазири А. Н. Арипов ташриф буюрди. Бугун эрталаб А. Н. Арипов Сўх тумани марказий шифохонасига бориб, беморлар ва жароҳат олганлар ҳолидан хабар олди. Оғир аҳволдаги яралаганларни вилоят марказий шифохоналарига етказиш учун санавиация хизмати туманга сафарбар этилди.
Куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан Боткен вилоятидаги "Чечме-Автодорожний" назорат-ўтказиш пунктида учрашди. Учрашувда ДХХ раиси Абдусалом Азизов ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам иштирок этди. Учрашув чоғида кеча икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида юз берган можаро муҳокама қилинди.
Томонлар давлат чегарасининг Ўзбекистон-Қирғизистон қисмида содир бўлган воқеадан афсусда эканини билдириб, вазиятни тўғрилаш, унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик ва чегара ҳудудларидаги ҳолатни юмшатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга чақиришди.
Икки давлатнинг илгари эришилган келишувларга содиқлиги ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга конструктив ёндашуви алоҳида қайд этилгани айтилди. Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов икки томонлама ҳамкорлик ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Шундан сўнг, икки мамлакат вакиллари воқеа содир бўлган жойга ташриф буюришди. Жанжал натижасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги учта хонадонда ёнғин келиб чиққан.
“Зарар кўрган оилалар хонадонларини қисқа муддатда тиклаб берамиз. Чашма булоғи бу мўъжиза, инсонларга Яратган Эгам томонидан берилган неъмат. Шунинг учун, бу муқаддас чашмадан ҳам бизнинг фуқаролар, ҳам қўшни Республика фуқаролари бирдек фойдаланишади", дейди Абдулла Арипов.
Келишувга биноан, чашма булоғининг атрофи панжара билан иҳоталаниб, унинг ҳудудида замонавий дам олиш маскани барпо этиладиган бўлди.
Сўнгра "Чечме-Автодорожний" назорат-ўтказиш пунктида икки давлат фуқароларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга А. Арипов ва К. Бороновлар бошчилик қилишди. Учрашувда икки халқ ва миллатнинг дўстлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик ришталари асрларга татигулик эканлиги қайд этилди.
"Бизнинг дўстлигимиз минг йиллардан сарчашма олади. Бизнинг бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир. Бўлиб ўтган воқеалардан зарурий хулоса чиқариб, дўстлигимизни мустаҳкамлашга албатта эришамиз" дейишди икки халқ намоёндалари.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов қўшни Республика вакиллари билан ўзаро музокаралардан кейин маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Сўх тумани аҳолиси Ариповга уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида гапириб, уларнинг ечилишида амалий ёрдам кўрсатишни талаб қилишди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири Арипов ташаббуси билан яқин кунларда туманда ободончилик ишлари олиб бошланиши маълум бўлди. Ободончилик ишларига 1 000 нафар ёшлар жалб этилиши таъкидланди.
Қўшни республика билан келишилган ҳолда яйловлардан фойдаланиш, сув муаммосини ҳал этиш, туманда жойлашган Қайроқ, Жавпая, Тоён массивларини ўзлаштириш ва шу йўл билан аҳоли ўртасида ишсизлик муаммосини ҳал этилишига эришиш ҳам қайд этилди. Маҳаллий аҳолини қийнаётган энг асосий масала – йўл муаммоси ҳам ўртага ташланди. Сўх – Риштон йўли ҳам икки давлат ҳукуматининг ўзаро келишувига биноан очилиши ҳам таъкидланиб ӯтилди.
Сўх туманига коридор очиб бериш масаласи ҳам учрашув давомида кўриб чиқилди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳал этилмаган ҳудудлар бўйича ҳам делимитация ва демаркация ишлари бир вақтда амалга оширилиши алоҳида айтиб ӯтилди. Коронавирус пандемияси туфайли Фарғонада қолган 300 нафардан Сўхлик фуқароларнинг Сўх туманига олиб келиниши ҳам учрашув давомида А. Арипов томонидан таъкидланди. Маълумот ўрнида, Сўх туманига турли юмушлар билан вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманлардан келган 110 нафар фуқаролар қолиб кетишган.
Юзага келган можаро натижасида туман марказий шифохонасида 187 нафар яраланган бемор даволанмоқда. Бугун санавиация хизмати орқали беморларнинг 15 нафари вилоят марказига сафарбар этилди.