Чегарадаги можаро оқибатида 187 нафар одам яраланган, 15 нафар бемор вилоят марказига юборилган
Жамият
−
01 Июнь 2020
10631Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида юзага келган жанжал натижасида туман марказий шифохонасида 187 нафар яраланган бемор даволанмоқда. Бугун санавиация хизмати орқали беморларнинг 15 нафари вилоят марказига юборилди. Бу ҳақда Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ, "Чечме-Автодорожний" назорат-ўтказиш пунктида икки давлат фуқароларининг учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Учрашувга Абдулла Арипов ва Кубатбек Бороновлар бошчилик қилишди. Учрашувда икки халқ ва миллатнинг дўстлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик ришталари асрларга татигулик эканлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов қўшни Республика вакиллари билан ўзаро музокаралардан кейин маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда Сўх тумани аҳолиси А. Ариповга уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида гапириб, уларнинг ечилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўрашди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири Арипов ташаббуси билан яқин кунларда туманда ободончилик ишлари бошланиши маълум бўлди. Ободончилик ишларига 1 000 нафар ёшлар жалб этилиши таъкидланди.
Қўшни республика билан келишилган ҳолда яйловлардан фойдаланиш, сув муаммосини ҳал этиш, туманда жойлашган Қайроқ, Жавпая, Тоён массивларини ўзлаштириш ва шу йўл билан аҳоли ўртасида ишсизлик муаммосини ҳал этилишига эришиш ҳам қайд этилди.
Сўх туманига коридор очиб бериш масаласи ҳам учрашув давомида кўриб чиқилди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳал этилмаган ҳудудлар бўйича ҳам делимитация ва демаркация ишлари бир вақтда амалга оширилиши алоҳида айтиб ӯтилди. Коронавирус пандемияси туфайли Фарғонада қолган 300 нафардан Сўхлик фуқароларнинг Сўх туманига олиб келиниши ҳам учрашув давомида А. Арипов томонидан таъкидланди. Маълумот ўрнида, Сўх туманига турли юмушлар билан вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманлардан келган 110 нафар фуқаролар қолиб кетишган.