Андижонда эркак 52 та радарга пневматик қуролдан ўқ отди
3-саҳифа
−
14 Апрель
24466Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 52 та радар камерасига пневматик милтиқдан ўқ отган эркак аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 1976 йилда туғилган М.С. исмли шахс Андижон шаҳри ҳудудидаги 29 та чорраҳага ўрнатилган 51 дона Hikvision русумли йўл ҳаракати қоидалари бузилганини аниқлайдиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд қилиш дастурий-техник воситалари ва 1 дона Hikvision русумли радар комплексига ўзига тегишли бўлган SRKET русумли пневматик милтиқдан ўқ отиш орқали қасддан шикаст етказган. Иш бўйича ўтказилган суд-товаршунослик экспертизасининг хулосасига кўра, жами 1 миллиард 147 миллион сўм моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро М.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 15 январь кунидан 15 февраль кунига қадар олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирларида 1 та жанговар, 21 та пневматик қурол ва 7 та ўқотар ов милтиғи ҳамда 14 дона ўқ-дорилар ноқонуний муомаладан олинганди.