Андижонда қимор ўйини ташкил этган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
10:16 416 2 дақиқа
Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирида ноқонуний қимор ўйини ташкил этган шахс аниқланди. Тезкор тадбир давомида ўйиндан 7 миллион 105 минг сўм, АҚШ доллари ва 500 Россия рубли, шунингдек, ташкилотчига берилган 420 минг сўм чойпул сифатида расмийлаштириб олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда шаҳарда яшовчи шахс ўз хонадонида бир гуруҳ фуқароларни тўплаб, уларга моддий манфаат эвазига қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этиш учун шароит яратиб бергани фош этилган. Тезкор тадбир давомида ўйин даврасидан жами 7 миллион 105 минг сўм, 30 АҚШ доллари ва 500 Россия рубли, шунингдек, ташкилотчига берилган 420 минг сўм олинган.
Ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Жалақудуқ туманида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши ўтказилган тезкор тадбирда 1977 йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан 63 граммдан ортиқ гашиш ва қарийб 1 грамм марихуана аниқланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) олтинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшаш хонадонида ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси“Demokrat.uz” раҳбари қамалди
12 Ноябрь