Уни Худога солдим – Атамбоев собиқ президент Жээнбеков ҳақида
Олам
−
15 Февраль 2023
23241Аввал хабар берганимиздек, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев кеча, 14 февраль куни қамоқдан озод этилди ва ўз издоши, собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳақида ўз фикрини айтди.
“Мен уни таъқиб қилмайман ва ҳеч нарса қилмоқчи эмасман. Худо уни жазолайди. Аллақачон жазолаяпти ҳам. Қирғизларда шундай гап бор: “Худога солдим”, дейди собиқ президент.
Аввалроқ судларда Алмазбек Атамбоев собиқ президент Сооронбай Жээнбеков билан нима учун жанжаллашгани ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, бунга Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов сабаб бўлган.
“Сапар Исаков (собиқ бош вазир) Райимбек Матраимовни ишдан бўшатди. Сапар Исоқовни таъқиб қилиш бошланди. Мен ҳар доим Сокага (Сооронбай Жээнбеков) айтганман – менинг онгимда нима бўлса, тилимда ҳам ўша”, дейди судланувчи.
Бугун маълум бўлишича, собиқ президентга нисбатан қонундаги ўғри Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқарилиши факти бўйича жиноят иши янги суд муҳокамасига юборилган. Олий суд аввалги ҳукмларни бекор қилган. Алмазбек Атамбоевга ҳам даволаниш учун мамлакат ташқарисига чиқишга рухсат берилган.
Собиқ президент даволаниш учун Испанияга кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, Испания Бош вазири унинг озод этилишини қўллаб-қувватлаган ва ўз мамлакатига таклиф қилган.
Маълумот учун, 2020 йилда Атамбоев 2013 йилда қонундаги ўғри Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилингани билан боғлиқ иш юзасидан 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинганди.
Бундан ташқари, Атамбоев 2019 йилнинг 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида содир бўлган тартибсизликлар, коррупция ва “пул ювиш”, Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш билан боғлиқ ишлар билан айбланган.
2022 йил 16 июнь куни Атамбоев Бишкекдаги Калис-Ордо турар-жой массивида мактаб қурилиши ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича жиноий иш бўйича оқланган эди.
2022 йил 28 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Атамбоевни 2020 йил октябрь ойида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ишида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаган.
Алмазбек Атамбоев даврида Бош вазир бўлган Сооронбай Жээнбеков 2017 – 2020 йилларда мамлакат Президенти лавозимини эгаллади ва у бошқарувга келибоқ Атамбоевни қамоққа ташлади.
Алмазбек Атамбоев ва Сооранбай Жээнбеков 2017 йили ўтган президентлик сайловигача яқин дўст бўлишган. Бироқ, Жээнбеков Президент бўлганидан кейин ўртада жанжал чиққан.
Келишмовчиликдан кейин Атамбоев бир неча марта Жээнбеков номига танқидий фикрларни айтган. Атамбоев Жээнбековга президентлик лавозимига келишга ҳам ёрдам берганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилганди. Аммо халқ унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди. Натижада мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.
Намойишлар оқибатида мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь