Ташиев кетди. Қирғизистонда тарих такрорланяптими?
Таҳлил
−
12 Февраль 1958 12 дақиқа
Садир Жапаров эҳтимолий хавфни ҳисобга олиб, президентликка потенциал даъвогар бўлиши мумкинлиги айтиладиган – 26 йиллик ўз қадрдони Қамчибек Ташиев ва унга яқин амалдорларни ишдан бўшатгани ҳақида турли фикрлар янграмоқда. Кимдир икки дўст энди душманга айланганини айтса, айримлар буни ўзаро яширин келишув демоқда. Аммо ишдан олинган пайтида Германияда шифохонада бўлган, Қирғизистон бошқарувидаги асосий фигуралардан бири Ташиев вазиятдан бехабарлигини билдириб, хайрлашиш учун унга имкон берилмаганидан хафа эканини айтди. Мана шундан кейин яна турли хулосалар пайдо бўла бошлади.
Таҳлилчилар Жапаров айнан мамлакатдаги тўс-тўполон ортидан Президент бўлгани, бу орқали етарли хулосалар чиқаргани сабаб энди худди шу воқеа ўз ҳаётида такрорланиши мумкинлигидан хавотирга тушиб, “тозалаш” бошлаганини айтмоқда. Хўш, яқингача ҳам Қирғизистон замонавий тарихида энг яхши тандем деб кўпчилик алоҳида эътироф этадиган Садир Жапаров ва Ташиев ҳамкорлиги қачон бошланган? Сўнгги йилларда давлат раҳбари фақат митинглар, ички низолар сабаб алмашаётган Қирғизистонда яна бир ҳокимият тўнтарилиши бўлиши мумкинми? Аввалги президентлар қандай тарзда жойини бўшатиб қўйишга мажбур бўлган? Ҳаммасини бошидан кўриб чиқамиз.
Садир Жапаровнинг ҳокимят тепасига келиши
2020 йил октябрь ойида Қирғизистонда юз берган сиёсий воқеалар мамлакат тарихидаги энг кескин бурилишлардан бирига айланди. Парламент сайловлари билан бошланган норозиликлар қисқа вақт ичида оммавий тартибсизликларга, президент саройининг эгалланишига ва ҳокимият алмашувига олиб келди. Энг эътиборлиси – ўша пайтда қамоқда бўлган сиёсатчи Садир Жапаров бир неча ҳафта ичида мамлакат раҳбарига айланди.
2020 йил 4 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Расмий натижаларга кўра, 16 партиядан фақат 4 таси 7 фоизлик тўсиқдан ўта олди. Ғолиб партиялар амалдаги президент Сооронбай Жээнбековга яқин кучлар сифатида баҳоланди.
Натижалардан норози бўлган сиёсий кучлар ва уларнинг тарафдорлари 5-октябрдан бошлаб пойтахт Бишкекдаги Ала-Тоо майдонига чиқди. Намойишлар тезда кенгайди. 6 октябрга ўтар кечаси протестчилар Президент администрацияси ва парламент жойлашган “Оқ уй” биносини эгаллади. Тўқнашувларда бир неча ўнлаб кишилар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар турли даражада жароҳат олди.
Намойишлардан қўрқиб кетган Марказий сайлов комиссияси босим остида сайлов натижаларини бекор қилди. Оқибатда мамлакатда сиёсий бўшлиқ юзага келди. Вазиятни халқаро жамият кузатиб турарди.
Норозиликлар давомида намойишчилар қамоқхоналарга ҳам бостириб кириб, бир нечта сиёсий маҳбусларни озод қилди. Улар орасида 7 йилдан бери қамоқхонада маҳбус бўлиб ўтирган Садир Жапаров ҳам бор эди.
Жапаров 2013 йилда Иссиқкўл вилоятида губернаторни гаровга олиш билан боғлиқ иш бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Озодликка чиққач, унинг тарафдорлари тезда сиёсий майдонда фаоллашди.
Бир неча кун ичида Жапаров бош вазир этиб тайинланди. Орадан кўп ўтмай Президент Жээнбеков истеъфога чиқди. Конституцияга кўра президент ваколати парламент спикерига ўтиши керак эди, бироқ спикер лавозимни қабул қилмади. Натижада ҳокимият бош вазир Жапаров қўлига ўтди.
Қирғизистонда Россиянинг Кант ҳарбий базаси мавжуд бўлса-да, у воқеалар вақтида ички сиёсий жараёнга аралашмади. Кремль воқеаларни “Қирғизистоннинг ички иши” деб баҳолади ва барча сиёсий кучларни конституциявий доирада муросага чақирди. Москва дастлаб эҳтиёткор позиция тутди. Кремль Жапаровни дарҳол очиқ қўллаб-қувватламади, бироқ қаршилик ҳам билдирмади.
Жапаров ҳокимиятни эгаллагач, Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Қирғизистонда сиёсий барқарорликни тиклаш, икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган. Бу мулоқот Жапаров учун муҳим сигнал эди: Москва уни де-факто раҳбар сифатида қабул қилганди. Орадан кўп ўтмай, 2020 йил декабрь ойида Жапаров Россияга ташриф буюрди. Бу унинг президент вазифасини бажарувчи сифатидаги энг муҳим халқаро учрашувларидан бири бўлди. Мазкур ташриф орқали Россия Қирғизистондаги ҳокимият алмашувини қабул қилганини амалда намойиш этди. 2021 йил январь ойида ўтказилган муддатидан олдин президентлик сайловида Садир Жапаров катта устунлик билан ғалаба қозонди.
Шу билан бирга, референдум ўтказилиб, Қирғизистон бошқарув тизими парламент республикасидан президентлик республикасига ўзгартирилди. Президент ваколатлари сезиларли даражада кенгайди, парламент депутатлари сони қисқартирилди, ҳукумат тузилмаси марказлаштирилди.
Бу ўзгаришлар тарафдорлар томонидан “барқарорлик учун зарур қадам” сифатида кўрилган бўлса, танқидчилар уни ҳокимиятнинг ҳаддан ташқари марказлашуви деб баҳолади. Садир Жапаровнинг қамоқдан президентликка қадар бўлган йўли Марказий Осиё сиёсий тарихида кам учрайдиган ҳодисалардан бири бўлди. Унинг қамоқдан чиқарилиши ва давлат раҳбари лавозимига ўтирилишида Қамчибек Ташиев асосий ишларни бажаргани, ташаббускор бўлгани айтилади. 2021 йилдаги конституциявий ўзгаришлардан кейин президент ваколатлари кенгайди. Амалда эса сиёсий қарорлар президент атрофида жамланди, хавфсизлик блоки эса мустаҳкам таянчга айланди. Натижада Қирғизистон парламент республикасидан кучли президентлик моделига ўтди.
Қирғизистон сиёсатида сўнгги йилларда энг муҳим ва таъсирчан жуфтликлар Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев тандеми бўлди. 2020 йилги сиёсий инқироздан кейин айнан шу икки шахс мамлакатдаги янги ҳокимият архитектурасини шакллантирди. Жапаров ва Ташиев узоқ йиллик сиёсий ҳамкорлар. Улар 2000 йиллардан буён миллатчилик руҳидаги сиёсий кучлар сафида бирга фаолият юритган. 2010-йилги инқилобдан кейин ҳам улар бир блокда ҳаракат қилган.
2013 йилда юз берган Иссиқкўл воқеалари ортидан ҳар икки сиёсатчи жиноий жавобгарликка тортилди. Жапаров қамоққа тушди, Ташиев эса сиёсий босим остида қолди. 2020 йил октябрь воқеалари уларнинг сиёсий қайтишини таъминлади. Норозиликлар ортидан Жапаров бош вазир, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлди. Шу пайтда Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари этиб тайинланди.
Шундан кейин Қирғизистонда амалда икки таянч устунга асосланган бошқарув модели шаклланди. Жапаров — сиёсий ва стратегик қарорлар маркази, Ташиев эса хавфсизлик ва куч тизимлари устидан назоратни қўлга олди. Гўё мамлакатни иккиси бошқараётгандек.
Қамчибек Ташиев сиёсий фаоллиги ва қудрати туфайли мамлакатда нуфузи ошиб кетди. Кўпчилик Ташиевни бўлажак Президент сифатида кўра бошлаганди. Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари бошланар экан, айрим кучлар амалдаги президент Жапаровдан зерикиб Ташиевга хайрихоҳлик билдираётганини яширмади. Ҳатто Қамчибек Ташиев номи остида Жогорку Кенеш депутатлари, жамоат арбоблари ва зиёлиларга қўнғироқ қилиб, уларни турли ҳаракатларга ундаган.
Муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказиш бўйича 75 киши, турли амалдорлар, собиқ депутатлар, парламент вакиллари ва ижтимоий-сиёсий фаоллар оммавий таклиф ташаббускорига айланди. Буни вақтида пайқаб қолган Жапаров Тезда сиёсат майдонидаги фигураларни жойини алмаштирди. Ташаббускорлар эса терговга жалб қилинди.
Жапаров ўзига энг катта рақиб деб кўрилаётган Ташиевни ишдан олди. Лекин мамлакат тарихидаги президентлик тахти эгалланишларига назар ташласак, Жапаров 9 йиллик қамоқдан кейин ҳам президент бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак Ташиевнинг ишдан кетиши “мақсадни” ўзгартира олмаслиги мумкин. Бунга яна бир нечта мисолларни раҳбарлар тақдири орқали кўрсатиш мумкин
Асқар Акаев
Қирғизистоннинг биринчи президенти, республиканинг ҳозирги Чуй вилоятида туғилган Асқар Акаев мамлакатни 15 йил давомида бошқарган. У биринчи марта 1990 йил 27 октябрда республика Олий Кенгаши томонидан Президент этиб сайланди. Кейинчалик у умуммиллий тўғридан-тўғри сайловлар давомида уч марта (1991, 1995 ва 2000) энг юқори давлат лавозимига қайта сайланди. 2005 йил бошида Қирғизистонда парламент сайловлари натижалари билан мухолифат 10% дан кам ўринларни эгаллади ва оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар нафақат овоз бериш натижаларини бекор қилишни, балки республика Президенти Асқар Акайевнинг истеъфосини ҳам талаб қилишди. 24 март куни Бишкекда намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашган. Мухолифат Ҳукумат уйига бостириб кирди ва шу куни Асқар Акаев республикани тарк этди. 4 апрель куни у Москвада бўлганида, 5 апрелдан бошлаб Қирғизистон Президенти лавозимини тарк этиш тўғрисида расмий баёнот берди. 11 апрель куни Жўқорғу Кенеш депутатлари Акаевнинг истеъфосини маъқулладилар. Худди шу куни, Президент вазифасини вақтинча бажарувчи Қурманбек Бакиевнинг қарори билан собиқ президентнинг оиласи дахлсизлик ҳуқуқидан ва унинг ўзи эса республика қонунчилигига мувофиқ берилган имтиёзларнинг бир қисмидан маҳрум қилинди.
2010 йил 13 августда Қирғизистон ҳукуматининг қарори билан Асқар Акаев дахлсизлик мақомидан ва мамлакатнинг собиқ президенти унвонидан маҳрум қилинди. 2005 йилдан бери Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Москвада яшаган ва илмий фаолият билан шуғулланган. 2006 йилдан – Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси. У Ломоносов номидаги Москва давлат университети комплекс тизимларини математик тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ходими. Россия Фанлар академияси Марказий иқтисодиёт ва математика институтининг бош илмий ходими.
Қурманбек Бакиев (2005-2010)
Қирғиз мухолифати раҳбарларидан бири бўлган Қурманбек Бакиев республикани 2005 йилдаги “Лола инқилоби”дан ва Асқар Акаевнинг ағдарилишидан кейин ўз қўлига олди.
У 2005 йил 10 июлда Президент этиб сайланган (2009 йилда қайта сайланган). 2010 йил 7 апрелда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга Роза Отунбаева бошчилигидаги мухолифат томонидан тузилган янги муваққат ҳукумат келди. Қурманбек Бакиев Бишкекдан жанубда, Жалолобод вилояти ҳудудидаги ота-боболари қишлоғида яширинган. Бир неча кундан кейин у Қозоғистонга учиб кетди, у ердан 16 апрелда вақтинчалик ҳукуматга давлат раҳбари лавозимидан кетиши тўғрисида баёнот юборди. Бир неча кундан кейин Бакиев Беларусга йўл олди, у ерда Беларусда ҳали ҳам яшайди ва баъзи маълумотларга кўра фуқароликни олган.
2010 йил 4 майда муваққат ҳукуматнинг қарори билан Қурманбек Бакиев собиқ давлат раҳбари мақомидан ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 8 май куни у Қирғизистон ҳукумати томонидан қидирувга берилган. Қирғизистон Бош прокуратураси бир неча бор Бакиевни экстрадиция қилиш тўғрисида Минскка сўров юборган, аммо рад этилган.
Мамлакатда собиқ президентга бир нечта айбловлар қўйилган. 2013 йил февраль ойида у мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, сиртдан 24 йиллик қамоқ жазосига, 2014 йил апрелда – Британиянинг Oxus Gold кон компанияси раҳбари Шон Дейлини ўлдиришга уринишда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йил июлда – 2010 йил 7 апрелда Бишкекда мухолифат митингини отишни уюштиргани учун мол-мулки мусодара қилиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2017 йил декабрда – қишлоқ хўжалиги ерларини уй-жой қуриш учун мўлжалланган участкаларга ноқонуний айлантирганлик учун 10 йил қамоқ жазосига тайинланган.
Роза Отунбаева (2010-2011)
Роза Исаковна Отунбаева сиёсатчи ва дипломат бўлиб, у 2010–2011 йилларда Қирғизистон президенти сифатида хизмат қилган. У нафақат мамлакат тарихида, балки Марказий Осиёда биринчи аёл давлат раҳбари бўлган. Отунбаева сиёсий ва дипломатик фаолиятда узоқ йиллар ишлаган. У Ташқи ишлар вазири бўлган ва Туркия, Буюк Британия каби мамлакатларда элчи сифатида хизмат қилган. Шу билан бирга, у давлат бошқаруви ва халқаро дипломатияда катта тажрибага эга сиёсатчи сифатида танилган.
Президент вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида у 2010 йил 7 апрелдан иш бошлади. Расмий равишда эса 2010-йил 3 июлда президент этиб қасамёд қилди. Унинг президентлик муддати 2011 йил 1 декабргача давом этди.Бу вақт мобайнида Отунбаева Қирғизистонда сиёсий ўтиш даврини бошқарди, шу жумладан янги конституция қабул қилинишида иштирок этди ва мамлакатни парламент тизимига ўтказиш жараёнини бошқарди.
2011 йилда президентликдан чиқиб кетганидан кейин Отунбаева халқаро дипломатияда фаол бўлиб, БМТ миссияларида ҳам муҳим ролларда ишлаган.
Алмазбек Атамбоев (2010-2017)
Қирғизистоннинг шимолий Чуй вилоятида туғилган Алмазбек Атамбоев 2011 йил 30 октябрда Президент этиб сайланган. У олти йил давомида ҳокимиятда бўлган ва конституцияга биноан янги Президентлик муддатига номзодини кўрсата олмаган. 2017 йилда Атамбоев ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан биринчи давлат раҳбари бўлди. Шу билан бирга, у Президент лавозимига мамлакат Бош вазири жанублик Сооронбай Жээнбековни номзодини илгари суришни тавсия қилди. Ўз навбатида Жээнбеков сайлов кампанияси давомида бир неча бор ғолиб бўлган тақдирда Атамбоев сиёсатини давом эттиришини айтиб ваъда берди.
2018 йил баҳорда сайловлардан кейин, сиёсатчилар орасидаги муносабат кескинлашди. Атамбоев Президент ва унинг атрофидагиларни кланлашиш ва коррупцияда айблади. Бунга жавобан Сооронбай Жээнбеков собиқ Президент даврида юқори лавозимга тайинланган асли шимолдан бўлган бир қанча амалдорларни истеъфога чиқарди.
2019 йил июнь ойида депутатлар Атамбоевга қарши бир қатор айбловларни илгари сурди. Уларнинг орасида коррупция ҳам бор эди. Охир-оқибат Атамбоев собиқ Президент мақоми ва дахлсизликдан маҳрум қилинди. Собиқ давлат раҳбари Чу вилоятидаги қишлоғи Қўй-Тошдаги уйига яширинди. ИИВ Тергов хизмати Атамбоевга жиноий ишлардан бирида гувоҳ сифатида кўрсатма бериши учун уч марта огоҳлантириш берди. Бироқ у сўроққа бормади. 2019 йил 8 августда Алмазбек Атамбоев деярли бир сутка давом этган махсус операция натижасида қўлга олинди. Собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатди, махсус хизмат зобити операция вақтида вафот этди. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Атамбоев хавфсизлик кучларига қуролли қаршилик кўрсатиш орқали Конституцияни бузганини айтди.
Собиқ Президент бир қатор жиноятлар, жумладан, коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, одам ўлдириш, одамларни гаровга олиш ва бошқаларда абйланди. 2020 йил 23 июнда Бишкек шаҳрининг Первомай туман суди уни жиноий авторитет Азиз Батукаевни қамоқдан озод қилиш иши бўйича мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 11 йил икки ойга озодликдан маҳрум қилди. Атамбоев Бишкекда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётганди. Қирғизистонда парламент сайловлари натижасига қарши намойишлар бошлангач 2020 йил 6 октябрь куни кечаси тарафдорлари томонидан озод қилинди. 9 октябрь куни амалдаги ҳокимиятга қарши Бишкекдаги митингда иштирок этди. 10 октябрь куни қирғизистон пойтахтида тартибсизликлар уюштиришда айбланиб, яна ҳибсга олинди.
Сооронбай Жээнбеков (2017-2020)
Сооронбай Жээнбеков Қирғизистонни уч йил давомида бошқарди. У 2017 йил 15 октябрда Алмазбек Атамбоев ва унинг Социал-демократик партияси кўмагида сайланган. 2020 йил 5 октябрда Қирғизистон пойтахтида парламент сайловлари натижаларига қарши митинг бошланди. Дастлабки натижаларга кўра, кўпчилик ўринларни Ҳукуматга яқин “Биримдик” (Бирлик) ва “Мекеник Қирғизистон” (Ватаним Қирғизистон) партиялари эгаллаганди. Норозилик ҳаракати полиция ходимлари билан тўқнашувларга айланиб кетди, давлат муассасалари эгаллаб олинди ва номи қораланган бир қатор сиёсатчилар, жумладан Алмазбек Атамбоев озод қилинди. 6 октябрь куни МСК сайлов натижаларини бекор қилди. Мухолифат босими остида 15 октябрь куни Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, сайлов натижалари бекор қилингани ва Ҳукумат истеъфога чиқарилганига қарамай, мамлакатда вазият мураккалигича қолган. Жээнбеков Қирғизистон тарихида қон тўккан ва ўз фуқароларига ўқ узган Президент сифатида қолишни истамаганини айтиб ўтди. У мухолифат етакчиларидан бўлган янги Бош вазир Садир Жапаровни Бишкекда вазиятни нормаллаштириш учун чоралар кўришга чақирди.
Ҳозир вазият қандай?
Бугуннинг муҳокамасига яна қайтамиз. Ташиев ўзини нафақат хавфсизлик бўйича бошқарувчи, балки президент администрациясининг “ички юз”и сифатида кўрсатаётган эди. У кенг ваколатларга эга бўлган МХДҚни бошқарар, оммавий ахборот воситаларида қатнашар ва давлатнинг ички тартибини сақлаш бўйича бошланғич қарорларни ҳимоя қиларди.
Ташиевнинг ишдан олиниши расмий баёнотда “жамиятда бўлинишнинг олдини олиш ва миллий бирликни мустаҳкамлаш учун қабул қилинганлиги айтилган. Бу тозалаш фонида, МХДҚ таркиби ҳам тубдан ўзгармоқда. Чегара хизмати мустақил агентлик сифатида ажратилди, давлат қўриқлаш хизмати бевосита президент тасарруфига ўтказилди.
Ҳозирча Қирғизистонда вазият қандай тус олиши ноаниқ. Бу ички зиддиятлар одатда ағдариш билан тугайди. Буни яхши билган Жапаров конституцион судга мурожаат қилди. Ушбу тақдимнома Конституциявий суд томонидан 17 февраль куни ёзма шаклда биринчи навбатда кўриб чиқилади.