Собиқ президент барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди
Олам
−
09:54 3557 3 дақиқа
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди. Бу ҳақдаги фармонни бугун, 29 декабрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров имзолади.
Маълум қилинишича, Жапаров Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди 3 июндаги ҳукмини ижро этиш мақсадида ушбу фармонни имзолаган.
Фармон Қирғизистон Республикасининг “Давлат мукофотлари, фахрий унвонлари тўғрисида”ги қонунининг 27-моддаси 1, 2 ва 4-қисмлари ҳамда Қирғизистон Конституциясининг 71-моддасига мувофиқ қабул қилинган.
Унга кўра, Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Республикасининг қуйидаги давлат мукофотларидан маҳрум этилган:
Қирғизистон Республикасининг энг олий мукофоти – “Қирғиз Республикасининг Қаҳрамони” унвони, “Манас” орденининг II даражаси, “Данакер” ордени ва “Данк” медали.
Шунингдек, Атамбоевни ушбу мукофотлар билан тақдирлашга оид бир қатор президент фармонлари ҳақиқий эмас деб топилган. Жумладан, 1999 йил 22 апрелдаги “Данк” медали билан тақдирлаш тўғрисидаги фармон, 2007 йил 27 ноябрдаги “Данакер” ордени билан тақдирлаш ҳақидаги фармон, 2011 йил 30 ноябрдаги давлат ва жамоат арбобларини мукофотлашга оид фармоннинг тегишли банди ҳамда 2017 йил 27 ноябрдаги “Қирғиз Республикасининг Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисидаги фармон бекор қилинган.
Бош прокуратура ҳузуридаги суд ижрочилари хизматига белгиланган тартибда Атамбаевдан давлат мукофотлари ва уларга оид ҳужжатларни олиб қўйиб, кейинчалик давлат мукофотлари фондига топшириш чораларини кўриш топширилган.
Мазкур фармон имзоланган кундан бошлаб кучга кирган.
Атамбоевнинг ҳибсга олиниши
Қирғизистонга 2011-2017 йилларда раҳбарлик қилган Атамбоев 2019 йил 8 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида деярли бир кун давом этган махсус операция давомида қўлга олинган эди. Унга қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинманинг бир зобити операция давомида ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида 100 дан ортиқ одам, жумладан полициячилар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Собиқ президент ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан зўравонлик қўллаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, шунингдек, гаровга олишни ташкил этиш, Бишкек иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупция, Бишкекдаги “Форум” саноат гуруҳи биноси билан ноқонуний битим тузиш, Қўй-Тош қишлоғи ва Иссиқкўл вилоятидаги ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш айбловлари қўйилган.
Собиқ давлат раҳбари 2020 йил ёзида 11 йилу 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик Атамбоевга қўйилган баъзи айбловлар олиб ташланган, 2022 йил июнида эса у 2020 йил октябрь ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, оқланган эди.
Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Собиқ президент озодликка чиққанидан кейин даволаниш учун Испанияга кетди. Ҳозирда ҳам у Қирғизистондан ташқарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берар экан, уни афв этишга тайёрлигини айтганди.
Live
Барчаси