Франция яна ётган илоннинг бошини қўзғаяпти – Баку
Олам
−
04 Октябрь 2023
8934Франциянинг Арманистонни қуроллантиришга уринишларини номақбул хатти-ҳаракатдир, чунки бу минтақада хавфсизликка таҳдид солади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда сўз борган.
“Франциянинг Арманистонни ҳар томонлама қуроллантириш, уни яна тажовуз ва ҳарбий авантурага тортиш истаги қабул қилиниши мумкин эмас. Франция тушуниши керакки, бу ҳаракатлар, шунингдек, тарихан бизнинг минтақамизга аралашишга уринишлар барбод бўлади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Гап шундаки, Франция Ташқи ишлар вазири Катрин Колоннанинг Ереванда арманистонлик ҳамкасби Арарат Мирзоян билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Франция Арманистон билан ҳарбий ёрдам етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга тайёр эканини айтган эди.
Баку Колоннанинг арманларнинг Қорабоғдан мажбуран кўчирилиши ҳақидаги сўзларини кескин қоралаб, бу гаплар халқаро ҳамжамиятни чалғитишга қаратилганини таъкидлади. Шарҳда, шунингдек, Парижнинг Арманистонни қўллаб-қувватлашда давом этиши ҳақидаги баёнотлари Франция томонидан 30 йил давомида унинг нейтрал ва мустақил воситачи эканлиги ҳақидаги даъволарининг мутлақо асоссизлигини яна бир бор исботлаши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди. Шундан сўнг, Арманистон Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди. Озарбайжон томони мазкур ҳолатга изоҳ бериб, даъвонинг асоссиз ва бемаъни эканини билдирди. 29 сентябрь куни Озарбайжон БМТ миссиясини Қорабоғга таклиф қилди ва БМТ делегацияси тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғга борди.