Чорва ҳайвонларида учрайдиган вирусни юқтирган илк инсон вафот этди

World

−

image

Францияда асосан чорва ҳайвонларида учрайдиган Shamonda вирусини юқтирган илк инсон вафот этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, марҳум 60 ёшдан ошган бўлиб, Лион шаҳри атрофида яшаган. У бошқа оғир касаллик сабаб Лиондаги шифохонага ётқизилган. Франция расмийларига кўра, эркакка вирус Шарқий Францияда баҳор ва ёз ойларида, касаллик ҳайвонлар орасида тарқалган даврда, қон сўрувчи майда ҳашарот чақиши орқали юққан бўлиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Франция расмийлари билан ушбу ҳолат юзасидан алоқада эканини билдирган. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирча бу алоҳида ҳолат бўлиб, вируснинг кенг тарқалиши эҳтимоли паст.

Франция соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Грегори Эмерининг айтишича, бу илмий ва вирусологик жиҳатдан мисли кўрилмаган ҳолат ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, беморнинг иммунитети кескин заифлашгани касалликнинг оғир кечишида муҳим омил бўлган. Шунингдек, ҳозирча жамоат саломатлиги учун фавқулодда хавф мавжуд эмас.

Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти маълумотларига кўра, Shamonda вируси қон сўрувчи майда ҳашаротлар орқали юқади. У асосан қорамолларда учрайди, бироқ отлар, қўйлар ва эчкиларда ҳам аниқланган. Ҳозирга қадар вируснинг қорамоллардан одамларга ёки бир одамдан бошқасига юқиши ҳолатлари қайд этилмаган.

Вирус илк бор 1960 йилларнинг ўрталарида Нигерияда аниқланган. Европада эса у жорий йил июль ойи охирида Германиянинг жануби, Швейцария ва Франциянинг шарқидаги касалланган қорамоллардан олинган намуналар таҳлили орқали тасдиқланган.

Вирус қорамолларда ич кетиши, ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқолиши ва айрим ҳолларда иситмани келтириб чиқаради. Франциядаги тўққизта сут фермасида ўтказилган тадқиқотда эса вирус сабаб сут ишлаб чиқариш ҳажми 75 фоизгача камайгани аниқланган.

Маълумот учун, Shamonda вируси Европа Иттифоқида алоҳида назорат қилинадиган касалликлар рўйхатига киритилмаган. Шу сабабли унга қарши махсус расмий кузатув ва назорат чоралари белгиланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Техас штатида ёввойи табиатда Янги Дунё винт қурти деб аталадиган, тирик тўқималар билан озиқланадиган паразит аниқланган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends