Францияда соғлиғи ёмонлашиб, оғир вазиятда қолган ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилди
−
14:18 189 2 minutes
Францияда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё“ ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси “Uzbekistan Airways“ авиакомпанияси ва Миграция агентлиги билан ҳамкорликда хорижда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатга қайтишига кўмаклашган.
Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси Э.Л. Европага юк автомобили ҳайдовчиси сифатида ишлаш учун борган. Франциядаги хизмат сафари чоғида унинг соғлиғи кескин ёмонлашган. Шундан сўнг у Лилль шаҳридаги шифохоналардан бирига ётқизилиб, у ерда узоқ вақт даволанган.
У шифохонада бўлган вақт давомида Ўзбекистон дипломатлари бемор, тиббиёт муассасаси ҳамда унинг яқинлари билан мунтазам алоқада бўлиб, зарур ёрдам кўрсатиб турган. Оиласининг илтимосига биноан, жорий йилнинг 13 ноябрь куни у Ўзбекистонга олиб келинган. Тошкентга етиб келгач, у даволанишни давом эттириши учун тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
“Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси мамлакатимиз фуқароларининг хориждаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мураккаб вазиятларга тушиб қолганларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни давом эттирмоқда“, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида қийин молиявий вазиятга тушиб қолган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтарилган эди.
Live
All