Францияда тартибсизликлар кучайди, Макрон намойишларни тақиқлади

World

−

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатда тартибсизликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ноқонуний намойишлар тақиқланишини билдирди. У сўнгги тартибсизликларда сўл радикал гуруҳлар ва вандалларни айблади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Макрон кеча, 22 октябрь куни разведка раҳбарлари ва юқори мартабали вазирлар билан учрашувдан сўнг шундай баёнот берди. Унинг айтишича, касаба уюшмалари каби ташкилотлар томонидан ўтказиладиган намойишларга рухсат берилиши мумкин, бироқ тадбирлар хавфсизликни таъминлаш ва бизнес объектларини ҳимоя қилиш мақсадида бошқа йўналишларга кўчирилиши мумкин.

Франция Адлия вазири Жеральд Дарманен эса намойишлар тақиқига бўйсунмаган шахсларнинг сайлов ҳуқуқини вақтинча тўхтатиб туриш ва зўравонлик, талончилик ёки полицияга ҳужумларда иштирок этганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш таклифини илгари сурган.

Мамлакатнинг иккинчи ва учинчи йирик шаҳарлари Марсель ҳамда Лионда шанба куни ўтказилиши режалаштирилган барча намойишлар тақиқланган. Бироқ талабаларнинг асосий уюшмаси UNEF шу куни митинг ўтказишни режалаштирган. 2018 йилда пайдо бўлган “Сариқ нимчалилар” ҳаракати ҳам Париж марказида намойиш ўтказиш учун ариза берган.

Кутилаётган тартибсизликлар сабабли Париж марказидаги айрим дўконлар ойна ва витриналарини ёғоч тахталар билан ҳимоялай бошлаган. Hermes люкс маҳсулотлари компанияси ҳам Франциядаги дўконларида хавфсизлик чораларини кучайтирган. Парижда ўтказилаётган халқаро Art Basel санъат ярмаркаси ташкилотчилари эса тадбирни дам олиш кунлари давомида ёпишга қарор қилган.

Франциядаги норозиликлар жорий йилнинг 17 октябрь куни зўравонлик ва талончилик ҳолатлари билан кескинлашганди. Намойишлар ортида энергия нархларининг ошиши, аҳоли харажатларининг кўпайиши ва давлат хизматлари сифати ёмонлашаётганидан норозилик ётгани айтилмоқда. Ҳодисалардан сўнг Лимож шаҳар ҳокимлиги биносига ўт қўйиш ҳолати юзасидан икки киши ҳибсга олинган.

Мамлакатдаги сиёсий кучлар тартибсизликлар учун бир-бирини айбламоқда. Ҳукумат сўл радикал гуруҳларни вазиятни кескинлаштиришда айблаган бўлса, намойишлар ортидаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар жамоатчилик норозилигининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, Франция иқтисодиётидаги хавотирлар молия бозорларида ҳам акс этган. 22 октябрь куни мамлакатнинг 10 йиллик давлат облигациялари даромадлилиги 5,14 фоизга етган. Бу 2002 йил июлидан бери кузатилмаган энг юқори кўрсаткичдир. Франция давлат қарзининг Германия облигацияларига нисбатан таваккалчилик устамаси ҳам сўнгги 15 йилдаги энг юқори даражага кўтарилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатда юз берган тартибсизликлардан хорижий етакчилар сайловолди мақсадларида фойдаланаётганини айтган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends