Элита ўртасида қарама-қаршилик йўқ – Назарбоев Тўқаев билан муносабатларига изоҳ берди

Олам

image

Қозоғистон элитаси ўртасида қарама-қаршиликлар йўқ. Бу ҳақда мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев халққа йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.

“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев тўлиқ ҳокимиятга эга ва у Хавфсизлик кенгаши раиси. Тез орада у “Нур-Отан” партияси раиси этиб сайланади. Мамлакат элитаси ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик ва можаро йўқ. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиз”, дейди Назарбоев.

У мурожаати давомида мамлакат тинчлиги доим унинг бош мақсади бўлганини таъкидлаган. 

“Бу бебаҳо қадриятимизни асрашимиз керак. Албатта, бу инқироздан ўтамиз ва янада кучли бўламиз”, деган Элбоши.

Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев намойишлар бостирилганидан кейин йўллаган илк мурожаатида мамлакатда ҳокимият тўлиғича Президент Қосим-Жомарт Тўқаевда эканини қайд этди.

Аввалроқ, "The Guardian" нашри Назарбоев ва Тўқаев Қозоғистондаги активларни тақсимлаш борасида кескин музокаралар олиб бораётганини эълон қилганди.

Охирги кунларда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач Назарбоев яна пайдо бўлди. Тўғрироғи, унинг матбуот котиби Назарбоевнинг Нур-Султондалигини айтиб, Элбоши номидан халқни Президент Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди. 

Бундан бироз аввал Назарбоев БААга кетгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Элбошининг кўринмай қолиши ортидан Россия Либерал-демократик партияси раиси Владимир Жириновский Назарбоев аллақачон вафот этган ва уни кўмиб юборишган деган тахминни илгари сурганди.

Аввалроқ, Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали БААда экани аниқланганди. Бироқ бундан кўп ўтмай, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчириб ташланганди.

Маълумот учун, 2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.  

Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди. 

Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. Бугун, 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. Карим Масимовдан ташқари, МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А”, Махсус мақсадли хизмат бўлими бошлиғи А.Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д.Ергожинлар ҳам қўлга олинган.

17 яванрь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Элбошининг жияни – Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимидан озод этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг