Дунё ёқилғи саноатида оғир вазият. Shell Россиядан воз кечмоқда

Олам

image

Дунёнинг энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири Shell Россия нефть ва газидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатмоқчи. Бу ҳақда компания раҳбариятининг тегишли баёнотида айтилган.  

Shell “Россия нефть маҳсулотлари, газ қувури ва суюлтирилган газини босқичма-босқич тўхтатишни бошлашга" ваъда беради ва буни бизнес, ҳукуматлар ва истеъмолчилар ўртасида мувофиқлаштиришни талаб қиладиган “қийин муаммо” деб атайди. 

“Агар ҳукуматлар томонидан бошқача кўрсатма бўлмаса, биз Россия хом нефтини спот бозорда сотиб олишни дарҳол тўхтатамиз ва янги шартномалар тузмаймиз. Шу билан бирга, ҳукуматлар билан яқин мулоқотда биз хом нефть етказиб бериш занжирини ҳажмларни истисно қилиш учун ўзгартирамиз. Биз буни имкон қадар тезроқ қиламиз, бироқ инсон омили ва муқобил вариантларнинг мавжудлиги бу жараён бир неча ҳафта давом этиши ва нефтни қайта ишлаш заводларимиз унумдорлигининг пасайишига олиб келиши мумкинлигини англатади. Шунингдек, биз Россия Федерациясида ёқилғи қуйиш шохобчалари, самолёт ёқилғиси ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан боғлиқ фаолиятни тўхтатамиз”, дейилади баёнотда. 

Компания бош директори Бен ван Берденнинг сўзларига кўра, Shell'нинг ўтган ҳафтада ёқилғига қайта ишлаш учун Россия нефтининг партиясини сотиб олиш қарори “таъминот хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда қилинган бўлса-да, нотўғри бўлган”. 

"Охир-оқибат, Украинадаги уруш пайтида қабул қилиниши керак бўлган ақл бовар қилмайдиган мураккаб келишувлар бўйича қарорлар ҳукуматлар томонидан қабул қилиниши керак. Биз бу қарорларнинг энергия хавфсизлигига, айниқса, урушда юзага келиши мумкин бўлган таъсирини юмшатишда ёрдам бериш учун улар билан ишлашда давом этамиз. Халқаро вазият Европада энергия таъминоти барқарорлиги ва Россия Федерациясига босим ўтказиш ўртасида танлов қилишга мажбур қилмоқда”, дейди Бен ван Берден. 

Маълумот учун, жорий йилнинг 28 февраль куни Shell Россия Федерацияси билан барча қўшма лойиҳалардан, жумладан, “Шимолий оқим – 2” (10 фоиз акция) ва “Сахалин-2” (акцияларнинг 27,5 фоизи)дан чиқишини эълон қилди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Shell

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг