Буданов Украинадаги уруш қачон ва қандай якунланишини айтди

Олам

image

Россия-Украина уруши 1991 йилда Украинанинг ўз чегараларига чиқиши билан тугаши керак эди. Энди бу келгуси йилда содир бўлиши мумкин. Бу ҳақда  Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирило Буданов РБК-Украина’га берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, урушдаги бурилиш даврининг биринчи кўзга кўринган натижалари шу йилнинг август ойида кўринади.

"Йил охирида  фаол жанговар ҳаракатлар етарли даражада камаяди. Бу Россия қилган саргузаштнинг охири бўлади”, дейди Буданов.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Украина Президенти Владимир Зеленский “Катта еттилик” етакчиларига Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушини қиш бошланишидан олдин тўхтатмоқчи эканлигини айтиб, бу борада ёрдам сўраганида, АҚШ бундай сценарийни реал эмас деб ҳисоблаган эди.

Шу билан бирга, НАТО Россиянинг Украинадаги уруши узоқ давом этишига ишонади, бироқ альянс украиналикларга ёрдам қилишга ваъда бермоқда.

Бундан ташқари, Европа етакчилари ҳам Россия Федерацияси ва Украина ўртасида “узоққа чўзилган” уруш хавфи ҳақида бир неча бор гапирган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Муҳайёхон Ҳабибуллаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг