БМТ Россия-Украина уруши неча миллион жонни очликка маҳкум этишини очиқлади

Олам

image

Россия-Украина уруши фонида озиқ-овқат инқирози сабабли 47 миллионга яқин одам оғир очликка дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) ҳисоботида айтилади.

 “Ғалла ва энергия бозорларида кутилаётган жаҳон нархларининг ошиши уруш бошланишидан олдин озиқ-овқатга бўлган минимал талабларни қондира олмаганларни қийин аҳволга солиб қўяди”, дейилади ҳисоботда.

81 мамлакатда олиб борилган тадқиқот натижаларига асосланиб, ЖОД озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича иккита сценарий билан ўртоқлашган.

Жаҳон озиқ-овқат дастури биринчи сценарий бўйича Россия ва Украина ўртасидаги уруш туфайли дунё бўйлаб 33 миллионгача, иккинчи сценарий бўйича эса 47 миллионгача одам қаттиқ очарчиликка дучор бўлишини тахмин қилмоқда.

Қайд этилишича, бутун дунёда 323 миллионгача одам очлик муаммосига дуч келиши мумкин, жумладан, Россия-Украина уруши бошланишидан олдин бу вазият билан курашганлар ҳам.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украинадаги можаро ривожланаётган мамлакатларга нисбатан “секин ҳужум” бўлиб, у 1,7 миллиард одамни қашшоқликка солиб қўйиши мумкинлигини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

2.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг