Украинадаги уруш 1,7 миллиард одамни қашшоқ қилиши мумкин – Гутерриш 

Олам

image

Украинадаги можаро ривожланаётган мамлакатларга нисбатан “секин ҳужум” бўлиб, у 1,7 миллиард одамни қашшоқликка солиб қўйиши мумкин. Бу фикрни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Чехиянинг “Seznam Zpravy” интернет нашрига маълум қилди.  

“Украинадаги ҳарбий можаро дунёнинг ривожланаётган мамлакатларига нисбатан секин ҳужумнинг бошланишига айланди. Инқироз 1,7 миллиард одамни, яъни инсониятнинг бешдан биридан кўпроғини қашшоқлик ва очарчиликка дучор қилиши мумкин”, деган Гутерриш. 

Россия Федерацияси ва Украинада бутун дунё бўйича буғдой ва арпанинг 30 фоизи, маккажўхорининг 20 фоизи ва кунгабоқар ёғининг ярмидан кўпи ишлаб чиқарилади. Бу давлатлар томонидан жаҳон бозорига етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Ер сайёрасининг энг камбағал аҳолиси учун асосий озиқ-овқат манбаи ҳисобланади. Африканинг иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган 45 мамлакати томонидан импорт қилинадиган буғдойнинг учдан биридан кўпроғи Россия ва Украина далаларида ўсади. 

“Россия дунёдаги энг йирик газ экспортчиси ва иккинчи йирик нефть етказиб берувчиси”, деган Гутерриш. 

Таъкидланишича, Украинадаги ҳарбий можаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва энергия ресурсларининг глобал экспортига тўсқинлик қилади, яшаш нархининг кескин ошишига олиб келади, бу оддий фуқаролар учун энг салбий оқибатларга олиб келади. Шу билан бирга, Бош котибнинг сўзларига кўра, энг аввало кам таъминланганлар ва энг кам ижтимоий ҳимояланганлар жабр кўради.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг