Байден Трюдо билан Россияга қарши санкциялар ҳақида гаплашиб олди
Олам
−
07 Май 2022
6696АҚШ Президенти Жо Байден ва Канада Бош вазири Жастин Трюдо телефон орқали Россияга қарши санкциялар ва Украинага ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида маълум қилинган.
“Президент Жо Байден Канада Бош вазири Жастин Трюдо билан суҳбатлашди. Ҳар икки етакчи миллионлаб украиналикларга хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни кўриб чиқди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Байден “ушбу инқироз даврида Канада билан яқин ҳамкорликни ва унинг Россияга қарши кенг қамровли санкциялар ва чекловларни жорий этишдаги етакчилигини қадрлаган”.
Оқ уйга кўра, Байден ва Трюдо жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Америка саммитини ҳам муҳокама қилган.
Аввалроқ, Байден Украинага 150 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратилишини маълум қилгани ҳақида хабар бергандик. Америка раҳбарининг сўзларига кўра, янги пакет доирасида Вашингтон Киевга, хусусан, артиллерия ўқ-дорилари ва радарларни топширади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси