Байден Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини илк бор геноцид деб атади
Олам
−
13 Апрель 2022
9436АҚШ Президенти Жо Байден Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини биринчи марта геноцид деб атади. Бу ҳақда CNN ёзмоқда.
Айовадаги чиқиши чоғида у америкаликларнинг бюджети диктатор бошқа давлатда геноцид содир этишига боғлиқ бўлмаслиги кераклигини айтган.
“Оилавий бюджетингиз, бакингизни тўлдириш қобилияти, буларнинг барчаси диктаторнинг уруш эълон қилиши ва дунёнинг ярми учун геноцид содир этишига боғлиқ бўлмаслиги керак”, деган Президент.
Байден, шунингдек, бензин нархи ошиши билан курашишга ёрдам бериш учун стратегик нефть захирасидан кунига бир миллион баррель нефть чиқаришга рухсат берганини айтган.
Украина Президенти Владимир Зеленский Байденнинг баёнотини ҳақиқий лидернинг сўзлари деб атади.
"Ёвузликка қарши курашда нарсаларни ўз номи билан аташ муҳим. Биз АҚШ аллақачон кўрсатган ёрдам учун миннатдормиз ва Россиянинг кейинги ваҳшийликларининг олдини олиш учун зудлик билан қўшимча қуролларга муҳтожмиз”, деб ёзган Зеленский Twitter’да.
АҚШ Президентининг ўзи Россия ва Президент Владимир Путин томонидан Бучада содир этилган ваҳшийликни “ҳарбий жиноят” деб атаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
29 Октябрь