АҚШдан Россияга навбатдаги зарба. Байден Россиядан юз ўгиришга чорламоқда

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 11 март куни АҚШ G7 ва Европа Иттифоқи билан биргаликда Россия билан нормал савдо алоқаларини тўхтатишга чақиришини эълон қилади. Бу ҳақда CNN ўз манбаларга таяниб хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, Байден АҚШ G7 ва Европа Иттифоқи билан биргаликда Россиядан “Энг имтиёзли миллат” мақомини олиб ташлашни талаб қилишини эълон қилади. 

Ҳар бир давлат бу чорани ўзининг миллий жараёнларидан келиб чиқиб амалга ошириши кутилмоқда. 

CNN тарқатган хабарда АҚШ Конгрессининг Россия билан доимий нормал савдо алоқаларини бекор қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари хусусида ҳам сўз очилган. 

Қайд этилишича, Байденнинг баёнотидан кейин Конгресс қонун лойиҳасини тақдим этади. 

Бу ҳаракат Россия импортига божларни ошириш йўлини очиб беради, шунингдек, санкциялар АҚШ ва Буюк Британиянинг Россиядан нефть импортини тақиқлаш қарорини тўлдиради. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Вашингтон Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўййишини маълум қилди. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.  

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг