АҚШ конгрессменлари Россия нефтига қарши қонун лойиҳасини маъқуллади

Олам

image

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси кеча, 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.  

Ташаббусни 414 конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 17 нафари қарши овоз берган. Ҳужжатнинг олдинги версиясида Қўшма Штатлар томонидан Россия Федерацияси ва Беларусь билан нормал савдо алоқаларини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қоида мавжуд эди. Кейинчалик, бир қатор қонунчиларнинг қаршилигига қарамай, ушбу банд ўчирилган. 

Қонун лойиҳасига кўра, Россиянинг Украинадаги “операция”си муносабати билан Россия Федерациясидан энергия ресурслари, жумладан, нефть ва газни “АҚШга олиб киришга тақиқ қўйиш керак”. Ушбу қоидалардан бир қатор истиснолар мавжуд. 

Бундан ташқари, АҚШ расмийларига “ЖСТнинг бошқа аъзоларини Россия Федерацияси учун савдо имтиёзларини тўхтатишга чақириш” бўйича чора кўриш топширилган. 

Қайд этилишича, АҚШ расмийлари, “Россиянинг ЖСТдаги иштирокини тўхтатиб қўйиш бўйича кейинги чораларни ҳам кўриши керак”. Қонун лойиҳаси АҚШ Сенатида қачон кўриб чиқилиши ҳозирча айтилмаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

3

Рейтинг

3.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг