“Бу Путинга зарба”. АҚШ Россиядан нефть ва газ импортини тақиқлади
Олам
−
08 Март 2022
19285Америка Қўшма Штатлари Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўйди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 8 март куни Оқ уйда Украина атрофидаги вазиятга бағишланган нутқида айтиб ўтди.
“Бугун мен Қўшма Штатлар Россия иқтисодиётининг асосий артериясини нишонга олганини эълон қиламан. Биз Россия нефти, гази ва энергетикасининг барча импортларини тақиқлаяпмиз. Бу шуни англатадики, Россия нефти энди АҚШ портларига кира олмайди ва Америка халқи [Россия Президенти Владимир] Путиннинг уруш машинасига яна бир кучли зарба беради. Бу Конгрессда ва, менимча, мамлакатда икки партиянинг кучли қўллаб-қувватлашига эга бўлган ҳаракат. Америкаликлар Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун йиғилишди ва биз Путин урушини субсидиялашда иштирок этмаслигимизни очиқ айтишди. Биз бутун дунё бўйлаб, айниқса, Европадаги иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан яқиндан маслаҳатлашганимиздан сўнг шундай қарорга келдик”, дейди Байден.
Унинг қайд этишича, АҚШ ўзининг европалик иттифоқчилари Россиядан энергия импортини тақиқлашга қўшила олмаслигини тушунади.
Байденга кўра, Россия нефть ва газини импорт қилишни тақиқлаш қарори биринчи навбатда АҚШнинг ўзига катта таъсир кўрсатади, аммо Вашингтон бу қадамни қўйиши керак.
“Бу Путин учун қўшимча муаммолар яратиш мақсадида ташланаётган қадам, аммо бизда ҳам йўқотишлар бўлади. Республикачилар ҳам, демократлар ҳам буни тушунишади. Республикачилар ҳам, демократлар ҳам буни қилишимиз кераклигини очиқ айтишди”, дея қўшимча қилди Байден.
Америка етакчиси расмийларнинг уринишларига қарамай, АҚШда бензин нархи ошиши давом этишини тан олди.
АҚШ ҳукумати хусусий секторни Россия Федерациясига қарши санкциялар оқибатлари туфайли нархларни оширмасликка чақиради, улар чайқовчиларга қарши курашади.
Нефть ва газ компаниялари ва молиявий фирмалар Путиннинг Украина халқига қарши уруши нархларнинг ошишига сабаб бўлаётганини тушунамиз. Аммо бу нархларни кўтариш, фойдани кўпайтириш ёки вазиятдан ёки америкалик истеъмолчилардан фойдаланишга уриниш учун баҳона эмас. Россиянинг тажовузкорлиги барчамизга қимматга тушмоқда, ҳозир фойда олиш ёки нархларни ошириш вақти эмас. Шуни айтмоқчиманки, биз бунга тоқат қилмаймиз”, дейди АҚШ раҳбари.
Энергия мустақиллиги
Байденга кўра, Қўшма Штатлар энергетикадан мустақил давлатга айланиши керак. Вашингтон Европа Иттифоқи билан Европа давлатларининг Россия нефть ва газини инкор этиш истиқболларини ҳам муҳокама қилмоқда.
“Ушбу инқироз узоқ муддатда иқтисодиётимизни ҳимоя қилиш учун энергиядан мустақил бўлишимиз кераклигини аниқ эслатиб турибди. Охирги ойларда мен европалик дўстларимиз билан улар Россия нефтидан қандай қутулиши кераклиги ҳақида бир неча бор суҳбатлар ўтказдим. Буни шунчаки давом эттириб бўлмайди", дейди Байден.
LiveБарчаси