АҚШда рус амалдорлари Путиннинг қулоғига “лағмон илаётгани" айтилмоқда

Олам

image

АҚШ расмийлари Россия Президенти Владимир Путинга рус армияси Украинада қанчалик ёмон ҳаракатланаётгани ва санкцияларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсири ҳақида “нотўғри маълумот” етказилмоқда, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда CNN америкалик амалдорга таяниб хабар берган.

“Биз маслаҳатчилар Путинга Россия армияси қанчалик ёмон ишлаётгани ва санкциялар иқтисодиётга қандай путур етказаётгани ҳақида нотўғри маълумот бермоқда, чунки улар унга ҳақиқатни айтишдан қўрқишади”, деган АҚШ расмийси.

Телеканал манбасининг қайд этишича, баҳолаш Америка разведкасининг махфийлиги ошкор этилган хулосаларига асосланади.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларда Путиннинг дезинформациядан хабардор бўлганини кўрсатувчи маълумотлар бор, бу у ва Россия Мудофаа вазирлигининг юқори мартабалари амалдорлари ўртасида бўлинишга олиб келган.

“Бизда Путин рус ҳарбийлари томонидан алданганини ҳис қилгани ҳақида маълумотлар бор. Ҳозир Путин ва ... (Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги) ўртасида муттасил кескинлик кузатилмоқда, бу Путиннинг Мудофаа вазирлиги раҳбариятига ишончсизлигидан келиб чиқади”, деган америкалик расмий.

Расмийнинг таъкидлашича, Путин ҳақиқатан ҳам Мудофаа вазирлиги “Украинада муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилардан фойдаланаётгани ва йўқотилаётгани”дан хабардор бўлмаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

2.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг