АҚШ Россияга ёрдам бераётган учинчи томонларга санкция тайёрлаяпти – ОАВ
Олам
−
26 Март 2022
18593Оқ уй Россия иқтисодиётига мавжуд чекловларнинг таъсири ноаниқ бўлгани туфайли бошқа давлатлардаги учинчи томонларга нисбатан санкциялар қўллаш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” манбаларга таяниб хабар берган.
“Оқ уй расмийлари бошқа мамлакатлардаги учинчи томонларни Россия иқтисодиётининг АҚШ санкциялари остида қолган қисмлари билан алоқа қилганлиги учун жазолайдиган қисқа чораларни тайёрламоқда, деган маъмуриятдаги режалар билан таниш, аноним қолишни истаган тўрт киши”, дейилган хабарда.
Нашр манбаларидан бирининг сўзларига кўра, санкциялар “Россияни АҚШ ва Европадан ташқари корхоналар учун зарарли қилиш”га қаратилган.
Мақола муаллифларига кўра, Қўшма Штатлар ушбу вариантни Украинадаги вазиятнинг кескинлашуви фонида ва “мавжуд санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири ноаниқлигича қолаётган бир пайтда” кўриб чиқмоқда. Қайд этилишича, бу қадамлар муқаррар эмас ва улар бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг февраль ойи охиридан бери АҚШ Россияга қарши санкцияларни бир неча бор кучайтирган. Чекловлар орасида Марказий банк активларини музлатиш, Россия нефть ва газини импорт қилишни тақиқлаш, микроэлектроника экспортини чеклаш ва бошқалар бор. Чекловлар остига Россия раҳбарияти, хусусан, Президент Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, шунингдек, бир қатор тадбиркорлар ва компаниялар раҳбарлари ҳам тушган.
АҚШнинг охирги санкциялар пакети 24 март куни қабул қилинган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь