Бугун нималарни кўрдик, эшитдик, гапирдик?

Жамият

image

Якунига етаётган 18 сентябрь санасининг энг муҳим хабарлари билан танишинг.

Япон денгизида Россия чегарачиларига ҳужум бўлди

Кеча, 17 сентябрь куни ичида браконерлар бўлган Шимолий Корея экипажи Япония денгизининг Россияга тегишли қисмида чегарачиларига ҳужум қилди.
Ҳодиса Россиянинг эксклюзив иқтисодий зонасидаги Қуито-Ямато қирғоқлари ҳудудида юз берди. Чегарачилар ноқонуний балиқ ови билан шуғулланувчи иккита штангачи ва ўн битта мотоботни топди. Бортида 21 экипаж аъзоси бўлган битта кема қўлга олинган, иккинчисидан эса чегарачиларга қарата ўт очилган.

5 нафар ўзбекистонлик боксчи чорак финалга йўлланма олди

Кеча, 17 сентябрь куни бокс бўйича Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида тўққизинчи кун беллашувларида ўзбекистонлик беш спортчи чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. 

Ўзбекистонликлар Санкт-Петербургда ЙПХ ходимини дўппослади

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Санкт-Петербургда ўзбекистонликлар йўл паруль хизмати ходимини дўппослади. Полиция томонидан тўхтатилган автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчиси полиция ходимининг қонуний талабларини бажаришмаган ва унга тан жароҳатлари етказишган. Ҳайдовчи ва бир йўловчи қўлга олинди. Учинчи иштирокчини қидириб топиш ва қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

“Burger King” омборидан ўзбекистонликнинг жасади топилди

Россия шимолий пойтахтидаги "Burger King" кафесида ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди. Ушбу воқеа жорий йилнинг 14 сентябрь куни содир бўлган.

Президент ярадорларни кўргани шифохонага борди

Бугун, 18 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков 4-сонли Бишкек шаҳар клиник шифохонасида даволанаётган қирғиз-тожик чегарасидаги можаро қурбонларинининг холидан хабар олди.

Анқара ҳокими Ортиқхўжаевдан Тошкент кўчаларига Анқара номи берилишини сўради

Туркия пойтахти Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш Тошкентга келди. У Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашди.Тошкент шаҳар ҳокими охирги 3 йилда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида янги давр кузатилаётганлигини қайд этган. 

Юнусободда сигарет ёнғинга сабаб бўлди

Шу йилнинг 17 сентябридан 18 сентябрига қадар Тошкент шаҳрида ёнғин билан боғлиқ 4 та ҳолати қайд этилган бўлиб, унда 1 нафар фуқаро тан жароҳати олган, инсонларни ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмади.

Бош вазирлар келишиб олди

Бугун, 18 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари баҳсли чегара ҳудудида миноралар қуришни тўхтатишга келишиб олди. Тожикистоннинг Сўғд вилояти Овчи-Калача қишлоғидаги "Баҳор" маҳалласи ҳудудидаги музокаралар 7:30 дан 10:15 гача давом этди. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томони баҳсли ҳудудда чегара минорасини бузишга қарор қилган ва тожик томони ўз минорасини қуришдан бош тортган. Шунингдек, бугун, 18 сентябр куни соат 18.00 гача, икки мамлакат чегара хизматлари можаро бўлган жойдан қўшимча кучлар ва ҳарбий техникаларни олиб ташлашади.

Нимага биз уйғонмасдан, кузатувчи бўлиб турамиз – Норбоева

Ўтган ҳафта 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева депутатлар ва сенаторларнинг фаолиятини танқид қилиб, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бўйича Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлардан бехабар эканини таъкидлади. Сенат раисига кўра, сенаторлар жойларга чиқиб, муаммоларни ҳал этишда сусткашликка йўл қўймоқда. 

Ҳабиб Порьенинг футболкасини қимматга сотди

Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов Дастин Порьенинг футболкасини аукционда сотди. Футболка 100 минг долларга сотилган. Аукциондан тушган барча маблағлар Порье томонидан асос солинган “The Good Fight” хайрия фондига ўтказилади.

Пахтачида “кончи”ларни тош босиб қолди, қурбонлар бор

Шу йилнинг 17 сентябрь куни соат тахминан 18:30 ларда  3 нафар фуқаро Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ҳудудида жойлашган, давлат заҳирасида бўлган “Қорақўтон” тоғ ҳудудидаги шахтада олтин моддасини ўзбошимчалик билан қазиш ишларини олиб бораётганларида тоғ тоши босиб қолиши натижасида 2 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 1 нафар фуқаро эса тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Эртага Тошкентда метро бепул бўлади

Тошкент биринчи бор ҳар йили 16-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ва дунёнинг 50га яқин мамлакат иштирок этадиган Европа Ҳаракатланиш Ҳафтасининг расмий иштирокчисига айланди. Унинг доирасида бепул метро ва автомобилсиз кунлар ўтказилади.ьУшбу ўзига хос форум “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Тошкент Метрополитени” УК томонидан Тошкент аҳолиси ҳамда меҳмонлари ўртасида транспортнинг муқобил турини оммалаштириш мақсадида ўтказилмоқда. Мазкур кампания доирасида 19 сентябрь Тошкентда Бепул метро куни деб эълон қилинган. 

Президент маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг оёғига ким болта ураётганини айтди

Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 17 сентябрь куни саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Давлат раҳбари йиғилишдаги нутқида бугун иқтисодиётда яратиб берилган имконият ва имтиёзлардан амалдорлар ва сохта тадбиркорлар фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолаётганини қаттиқ танқид қилди. 

2000 йил туғилган террорчи қўлга олинди

Доғистонда Россия Федерал Хавфсизлик хизмати ходимлари республика ҳудудида теракт ҳужумини уюштирмоқчи бўлган ИШИД аъзосини қўлга олди. Қайд этилишича, қўлга олинган шахс 2000 йилда туғилган ва Россия фуқароси.

Қонунни бир кунда ёзиб, беш кунда қабул қилиш мумкин – Исмоилов

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда Оммавий ахборот воситаларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилгани маълум қилинди. 

Йиғилишда иштирок этган кўпчилик тажрибали журналистлар мамлакатда оммавий ахборот воситаларига доир қонунларни такомиллаштириш, ёлғон ахборот ва сохта маълумотлар, бировнинг шахсига оид маълумотларни тарқатишга оид кескин жазо чоралари кўриб чиқилиши кераклигини таъкидладилар.

Ўзбекистонда 5 хил банкнот ва 9 хил танга муомаладан чиқариляпти

Бугун, 18 сентябрь куни “25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур Низомга кўра, Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик, 1, 5, 10, 25 сўмлик қийматидаги тангалар, шунингдек 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик эски намунадаги банкнотлар (қоғоз пуллар) 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг