Қонунни бир кунда ёзиб, беш кунда қабул қилиш мумкин – Исмоилов

Интервью

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда Оммавий ахборот воситаларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилгани маълум қилинди. 

Йиғилишда иштирок этган кўпчилик тажрибали журналистлар мамлакатда оммавий ахборот воситаларига доир қонунларни такомиллаштириш, ёлғон ахборот ва сохта маълумотлар, бировнинг шахсига оид маълумотларни тарқатишга оид кескин жазо чоралари кўриб чиқилиши кераклигини таъкидладилар. Бунга эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов қуйидагича муносабат билдирди: 

“Бизда оммавий ахборот воситаларига тааллуқли қонунларимиз кўп. Мана охирги айтилаётган фикрлар: жамоатчиликнинг фикри ўзгариб кетаётгани, текширилмаган ахборотлар эълон қилинаётгани... Бу ҳаммаси тўғри. Айтилдики, қаттиқ тартиб ўрнатиш керак ёки жавобгарлик.  Бу осон иш. Биз ҳамма мамлакатларнинг мана шу соҳадаги қонунларини таққослаганимизда, кўрдикки, уларда жуда қаттиқ чоралар бор. Жиноий жавобгарликкача, ҳатто... Мана куни кеча Россияда бир журналистни беш йилга қамашди”. 

Спикер фикрларини давом эттириб, қонун ижодкорлиги, уни ишлаб чиқиш ёки қабул қилиш жараёни кўп вақт олмаслигини, бироқ оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолиятига, ахборот маконига оид қонунни қабул қилишда кўп жиҳатларни инобатга олиш кераклигини таъкидлайди. 

“Қонунни бир кунда ёзиб, беш кунда қабул қилиш мумкин. Лекин у қандай бўлади? Бошқа соҳаларнинг қонунини қабул қилиш ниҳоятда осон. Лекин бу соҳада, ахборот маконига тегишли масалада шошилмаслигимиз керак. Ҳар томонлама ўйлашимиз керак. Охирги уч йил ичидаги эркинликни тўғри тушунишимиз керак. Жамоатчилик мансабдор шахсларнинг устидан назоратни жойига қўйяпти. Лекин, бир-бирини назорат қилиш, бир-бирини тийиб туриш деган нарса йўқ”, дейди Исмоилов.  

Айни вақтда Ўзбекистонда 2000 мингга яқин оммавий ахборот воситалари фаолият юритиб бормоқда. Мамлакатда ахборот олиш ва тарқатиш, журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ташкил этиш, қолаверса, ноширлик, радиоузатувчиларга оид 10 га яқин қонунлар мавжуд. Уларнинг айримлари қабул қилинганига эса 20 йилдан ошган. 

Нурдинжон Исмоиловга кўра, Оммавий ахборот воситаларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилишининг асосий сабаби ҳам айнан қонунчиликни такомиллаштиришдан иборат. 

“ОАВга жавобгарлик ишлаб чиқиш жуда осон, қонунни тайёрлаш ҳам осон. Маъмурий ё жиноий жавобгарлик киритиб қўйиш осон. Бу кенгашни тузишимиздан мақсад ҳам шу. Кенгашнинг таркибини кўрсангиз, ҳамма вакиллар бор. Шошилмайлик, ўйлайлик ва шу кенгашдан ўтказайлик”, дейди Исмоилов оғир ва вазминлик билан. 


Мақола муаллифи

Теглар

Нурдинжон Исмоилов

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг