Эртага Тошкентда метро бепул бўлади
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
9343Тошкент биринчи бор ҳар йили 16-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ва дунёнинг 50га яқин мамлакат иштирок этадиган Европа Ҳаракатланиш Ҳафтасининг расмий иштирокчисига айланди. Унинг доирасида бепул метро ва автомобилсиз кунлар ўтказилади.
Ушбу ўзига хос форум “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Тошкент Метрополитени” УК томонидан Тошкент аҳолиси ҳамда меҳмонлари ўртасида транспортнинг муқобил турини оммалаштириш мақсадида ўтказилмоқда.
Мазкур кампания доирасида 19 сентябрь Тошкентда Бепул метро куни деб эълон қилинган.
Ташкилотчиларнинг айтишича, шу куни қатор метро бекатлари мусиқачилар, актёрлар чиқишлари ва бошқа кўнгилочар дастурлар учун саҳнага айланади. Соат эрталабки 08:00да “Ойбек”(“Мингўрик” станциясига ўтиш жойида) йўловчилар театрлаштирилган мусиқий чиқишларни томоша қилиши мумкин. Дирижёр бошчилигидаги симфоник оркестр ижодидан эса 17:00дан 19:00гача баҳраманд бўлиш имконияти яратилади.
“Амир Темур” метро бекатидан “Юнус Ражабий” бекатига ўтиш ерости йўлида санъатшунослар ҳамроҳлигида расмлар галереяси очилади. Камера торли чолғу квартети куй чалиб туради. Бундай эстетик манзара то метро ёпилгунча давом этади.
“Пахтакор” ва “Алишер Навоий” бекатларига ўтиш вестибюлида эса йўловчиларни тарихий фотокўргазма кутиб олади. У Тошкент метрополитени тарихига бағишланган.
Соат 10:00дан 12:00гача, 20:00дан 22:00гача ноодатий флэшмоблар ташкил этилади. Хусусан, барча линиялардаги метро вагонларида “Рақс флешмоби” ташкил этилади. Рақс жамоалари вагондан вагонга ўтиб юришади. Хоҳлаганлар уларга қўшилишлари мумкин. Худди шу каби мусиқали флешмоблар ҳам бўлиб ўтади.
Кичик ёшли йўловчилар ҳам эътибордан четда қолмаган. Улар учун суперқаҳрамонлар ва мультфильм персонажлари либосидаги аниматорлар, сеҳргарлар томошалар қўйиб беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь