Президент ярадорларни кўргани шифохонага борди
Олам
−
18 Сентябрь 2019
8148Бугун, 18 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков 4-сонли Бишкек шаҳар клиник шифохонасида даволанаётган қирғиз-тожик чегарасидаги можаро қурбонларинининг холидан хабар олди.
Бишкек травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот маркази директори Сабирбек Жумабеков қурбонларнинг аҳволи ва уларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам тўғрисида Президентга маълумот берди.
У чегара можаросида жабрланганларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини, улар кечаю кундуз шифокорлар назорати остида ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланганини айтди.
Президент Сооронбай Жээнбеков барча жабрланганларга шифо топишларини тилаб, тезкор чоралар кўрганлиги учун тиббиёт ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди. У давлат органлари барча зарурий ёрдамларни кўрсатишини таъкидлади.
Давлат раҳбари Бишкекдаги 4-сонли клиник шифохонада даволанаётган жабрланганларнинг қариндошлари билан ҳам суҳбатлашди.
Жабрланганларга Президент номидан моддий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Тожикистон-Қирғизистон чегарасида рўй берган отишма давомида 13 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олди. Улардан 10 нафари даволаниш учун Қирғизистон Қуролли кучларининг ҳарбий-транспорт самолётлари билан Бишкек шаҳрига етказилган. Айни вақтда шифокорлар уларнинг аҳволини барқарор деб баҳоламоқда. Улардан 5 нафари бугун операция қилиниши мумкин.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаевнинг сўзларига кўра, 3 нафар ярадорнинг оғир аҳволдалиги ва уларни ташиш имконияти йўқлиги сабаб Боткент вилоятининг Лайлак ҳудудий шифохонасида даволаш ҳақида қарор қабул қилинган.
LiveБарчаси