Чегарада яна отишма бўлди
Олам
−
17 Сентябрь 2019
39760Кеча, 16 сентябрь, куни Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасида отишма рўй берди, дея хабар бермоқда ТАСС.
Қирғизистон давлат чегара хизмати томонидан хабар қилинишича, отишма оқибатида бир чегарачи вафот этган.
“Тожикистон томони биринчи бўлиб қурол ишлатган. Қирғизистоннинг Максат чегара постига, сўнгра Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги вақтинча Сай чегара постига ўқ узган. Дастлабки маълумотларга кўра, ГПС хизматчиси ўлдирилган", деди чегара бўлими вакили.
Қирғизистон томони берган маълумотга кўра, отишма келиб чиқишига тожикистонлик фуқаро томонидан чегаранинг келишилмаган қисмида қурилиш ишлари олиб борилгани сабаб бўлган. “Бунга жавобан Қирғизистон фуқароси ҳам ушбу ҳудудда жойлашган ўз уйи ҳовлисида қурилиш ишини бошлаган”, дейилади хабарда. Қирғизистон томони даъвосига кўра, бунга жавобан тожик чегарачилари “тажовузкор оҳангда қурилишни тўхтатишни талаб қилган”. Шундан сўнг жанг бошланиб кетади.
Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари матбуот маркази томонидан берилган хабарга кўра, отишма натижасида бир неча тожик фуқаролари яраланган.
“Аввал имзоланган шартномаларга зид ҳолда 16 сентябрь, кеч соат 18:45да Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров тумани, Овчи-Калач қишлоқ жамоатига тегишли Баҳор маҳалласи спорт майдончасида номаълум бино қурилиш ишлари бошланган. Бу ноқонуний ҳаракат Тожикистон фуқароларига ёқмаган ва улар қурилишни тўхтатиш талабини илгари суришган”, дейилади хабарда. Тожикистон томонидан маълум қилинишича, Қирғизистон ҳарбийлари можаро жойига қўшимча 250-300 нафар ҳарбийни юборган ва улар “провокацион ҳаракатларни амалга ошириб, соат 19:00да Баҳор маҳалласининг қуролсиз аҳолиси томон ўт очишни бошлаган. Натижада Тожикистон фуқароларидан бир нечаси ўқотар қуролдан яраланган”.
Тожикистон томони берган баёнотда айтилишича “Қирғизистон чегарачилари томонидан амалга оширилган провокацион ҳаракатлар давлат чегарасида вазиятни сунъий йўл билан издан чиқаришдан иборат”, деб баҳоланмоқда.
Айни пайтда ҳар икки давлатдан ҳукумат вакиллари аҳоли орасида бўлиб турибди ва вазиятни изга тушириш учун тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 2 сентябрь куни қирғиз-тожик давлат чегарасида юз берган можаро вақтида Тожикистон чегарачилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган эди. Ҳар икки давлат ўртасидаги чегара 970 километр узунликка эга бўлиб, шу вақтга қадар 519 километри борасида келишувга эришилган.
LiveБарчаси