Нимага биз уйғонмасдан, кузатувчи бўлиб турамиз – Норбоева
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
5976“Жойларда қатнашган сессияларимизда мен айрим сенаторларимизнинг кўзидан кўрдимки, сенаторлар бу нарсалар (таҳр.: янги қонун ва қарорлар)дан хабари ҳам йўқ. Шу масалани худди биринчи марта билаётгандек қараб туришди менга. Депутатларни-ку гапирмасам ҳам бўлади”, дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева.
Ўтган ҳафта 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева депутатлар ва сенаторларнинг фаолиятини танқид қилиб, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бўйича Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлардан бехабар эканини таъкидлади. Сенат раисига кўра, сенаторлар жойларга чиқиб, муаммоларни ҳал этишда сусткашликка йўл қўймоқда.
“Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича давлатимиз томонидан берилган барча топшириқларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга бор кучимиз, бор билимимиз, обрў-эътиборимизнинг ҳаммасини сафарбар қилишимиз керак. Мен ўйлайманки, бунга сизнинг кучингиз ҳам, салоҳиятингиз ҳам етади.
Мен сенаторлардан илтимос қилар эдим: давлат миқёсида ҳудудингизга оид қабул қилинган ҳар бир ҳужжатни ичига кириб, тушуниб, нима амалга оширилаётганини сўраб, нималар бўлаётгани билан қизиқишингизни сўраймиз. Чунки давлат раҳбари топшириқ бергандан кейин бу масалалар билан биз бориб шуғулланишимиз эмас, балки сиз ўзингиз ҳар куни бажаришингиз мумкин.
Мавжуд муаммоларни жойида бартараф қилиш бўйича кенгаш сессияларини ўтказиб, мутасадди, ўша ердаги идоралар раҳбарларини жавобгарликка чақиришингиз мумкин ва талаб қилишингиз лозим. Агар масала республика даражасида кўриб чиқилиши керак бўлса, бизни хабардор қилишингиз керак. Биз республика идора ва ташкилотларининг раҳбарларини у ерга олиб бориб, масалани жойида ҳал этиш имкониятига ҳам эгамиз. Мана шу механизмдан биз умуман фойдаланмаётганимизнинг гувоҳи бўлдим”, дейди Норбоева.
У сўзида давом этаркан, сенаторларнинг хўжакўрсинга топшираётган ҳисоботларини қоралади. Бундан буён бундай ҳисоботлар қабул қилинмаслигини айтди:
“Ҳаммангиз бир қўмитанинг аъзосисиз. Ҳаммангиз қўмиталарга у ишни қилдик, бу ишни қилдик, деб ҳисобот берасиз. Ёки ялпи мажлислардан олдин ҳисобот берасиз. Ҳисоботларингизда мана шундай масалалар акс этса, жуда тўғри бўларди. Аниқ масалага аниқ жавоблар бўлиши керак. Умумий гапларни гапириб, уни қилдик, буни қилдик деган ҳисоботлар кетмайди энди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига ҳос масаласи, ўзига ҳос муаммолари бор. Шунинг учун бундан кейин бошқача ишлашимиз керак”.
Ўтган сафарги Сенатнинг ялпи мажлисларида QALAMPIR.UZ муҳим қонунларни қабул қилиш жараёнида айрим сенаторларнинг ухлаб ўтирганини камерага муҳрлаб, тақдим этган эди. Норбоева ўз нутқида уйғониш кераклигини айтади:
“Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалаларини Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмитамиз назоратга олиши керак. Чунки биз бунинг қаттиқ назоратини қилиб, ҳар бир масалани ҳал бўлмагунича қўймаймиз энди. Далват раҳбарининг олиб бораётган жуда катта сиёсатига биз елкадош ва кўмакдош бўлиб аниқ ишлар билан ёрдам бермас эканмиз, унда ишлоҳотлар юришмайди. Агар жамоатчилик, сенатор ва депутатлар бунга бош-қош бўлмаса, битта одам, битта ё иккита ташкилот ҳеч нарса қилолмайди. Биргина тадбиркорлик ва кичик бизнес масаласида давлат раҳбари неча марта йиғилиш ўтказдилар. Яна ҳаммамизни уйғотиб, қаранглар дедилар. Нимага биз уйғонмасдан, кузатувчи бўлиб турамиз. Шунинг учун мен ҳаммангизни яна бир бор масъулиятли бўлишга чақирмоқчи эдим”.
LiveБарчаси