Қорақалпоғистондаги намойишлар, дунёни титратган НАТО саммити, Асалҳонейнинг ўлими тафсилоти – ҳафта дайжести

Таҳлил

Қорақалпоғистондаги намойишлар, Асалҳонейнинг ўлим тафсилоти, "тонировка” бўйича кутилмаган қарор, Озодбек Назарбековнинг қўшни республикада 5 президент қувилгани ҳақидаги фикрлари, ғайритабиий нуқсон билан туғилган чақалоқ, онлайн қиморда ютқазиб, ўзини осган одам… Ҳафтанинг энг муҳим ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалари билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг.

Қорақалпоғистондаги намойишлар 

1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирди. 
Қайд этилишича, фуқаролар Конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари намойишларга сабаб бўлган. 

Воқеалар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот берди. Унда қайд этилишича, Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатлар содир этилган.

“Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган очиқлик ва хоҳиш-иродани эркин ифода қилиш сиёсатига қарамай, 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ жиноятчи шахслар Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни ташкил этди.

Популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғдилар.
Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уриндилар”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилган.

“Шуни ишонч билан айтамизки, давлатимиз вазиятни янада беқарорлаштирилишига йўл қўймаслик учун барча зарур салоҳиятга эга. Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган. Ҳозирда уларга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча иғвогарларнинг шахси аниқланади ва улар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланади.

Республикадан ташқаридаги носоғлом кучларнинг Қорақалпоғистондаги вазият ривожига, шу жумладан аниқ йўналтирилган ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлари қайд этилмоқда. Юзага келган вазиятда жамоат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда, фуқароларни ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан огоҳлантириб, юзага келган масалаларни қонун доирасида ҳал қилишда биргаликда саъй-ҳаракат қилишга чақирамиз”, дейилади қўшма баёнотда.

Тошкентда қарийб 2 тонна гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди

Жорий йилнинг 27 июнь куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистонга олиб кирилган ва Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган 2 тоннага яқин гиёҳвандлик моддалари йўқ қилинди. Наркотик моддаларни йўқ қилиш тадбирида QALAMPIR.UZ ходимлари ҳам иштирок этди. 

Гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш жараёнида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал ҳам иштирок этди. 

НАТО саммити

Жорий йилнинг 28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди.  

НАТО саммити доирасида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг қатнашди. Ўзаро тўртлик учрашувини ўтказишди ва келишувга эришишди.

Йиғилишда НАТО га киришини қўллаб-қувватлашдан бош тортиши муносабати билан Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа аъзолик масалалари муҳокама қилинади.

Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради. Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – Курдистон ишчи партияси, Сурия халқ мудофааси отряди ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. 

29 июнь куни НАТО раҳбарлари Финляндия ва Швецияни иттифоққа аъзоликка таклиф қилди.

Саммитда НАТО нинг 2030 йилгача бўлган концепцияси тасдиқланди. Ташкилот Украинага уруш даврида доимий ҳарбий ёрдамни тўхтатмаслиги белгилаб олинди. 

Концепцияда НАТО Россияни тўғридан-тўғри таҳдид деб тан олди. Хитойни эса НАТО қадриятларига зид деб ҳисоблади

НАТО саммити доирасида АҚШ Президенти Жо Байден ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған учрашув ўтказди. Учрашувда Жо Байден Туркияни анчадан буён қийнаб келаётган масала бўйича охирги қарорини айтди. Унга кўра? Эндиликда Туркияга F16 қирувчи самолётлари етказиб берилади ва уларнинг модернизацияси ташкил қилинади.

Ўзбекистонлик таэквондочилар тарихий натижа қайд этди

27 июнь куни Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида таэквондо бўйича XXV Осиё чемпионати якунига етди.

Сўнгги кунги баҳсларда -80 кг вазн тоифасида жангларда иштирок этган Шуҳрат Салаев қитъа чемпионлигини қўлга киритди.

Қувонарлиси, Улуғбек Рашитов, Жасурбек Жайсунов, Никита Рафалович ва Шуҳрат Салаев барча рақибларини мағлуб этиб, Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлишди. Бунгача мустақил Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон Осиё чемпионатида 4 та олтин медал қўлга киритилмаган.

Президент “тонировка” бўйича қарорни имзолади

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади.

Ўзбекистонда автомобилларнинг олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсат берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари ёки амалдаги БҲМга кўра, 2 миллион 400 000 сўм этиб белгиланди. 

Жиззахда кўп нуқсонли чақалоқ туғилди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғма нуқсонли чақалоқ дунёга келгани айтилган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.

Қайд этилишича, бу чақалоқ вилоятнинг Дўстлик туманида дунёга келган. Унга “Ҳомиладорлик 2. Туғуруқ 2. 35 ҳафта 4 кун. Ҳомиланинг чаноғи билан келиши” ташхиси қўйилган.

Муддатига етган ўғил жинсли ногиронлиги бор чақалоқ дунёга келган. Кўрсатилган реанимацион тиббий муолажаларга қарамасдан ҳаётга зид қўшма асоратлар билан туғилган гўдак шу куни 08:20 да вафот этган.

Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради

Жорий йилнинг 28 июнь куни адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 74 ёшида вафот этди.  

Иброҳим Ҳаққул 1970-1972 йилларда "Шофиркон ҳақиқати" газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган. 

Олим 1972 йилдан то ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият қилиб келган. 

МТРК раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов вафот этди

27 июнь куни журналист, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов вафот этди.

Фарҳод Маҳмудов 1996 йил Тошкент давлат университетини тамомлаган.  2008 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2018 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

Тотализаторда ютқазган 33 ёшли эркак ўзини осиб қўйди 

Наманганда 33 ёшли эркак электрон қимор ўйинида ютқазиб қўйгани учун ўзини осиб қўйди

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 июнь куни Норин туманида яшаган 1989 йилда туғилган Н.А. (эркак, оилали, 1 нафар фарзанди бор, автомактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган) уйининг том қисмида ўзини осиб, вафот этган.

Текшириш давомида марҳум охирги вақтларда электрон қимор ўйинида ютқазиб қўйгани, шу боис оилавий келишмовчиликлар келиб чиққани, оқибатда руҳиятида салбий ўзгаришлар бўлгани аниқланган.

Сурхондарёдаги Хатак ғорида неандертал одам яшаган макон топилди

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонаси Хатак бўлими Боғли дара массивида милоддан аввалги 100−40 минг йилликка оид неандертал одам макони топилди.

Қайд этилишича, Хатак ғори 2021 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази докторанти Холиёр Ойназаров томонидан петроглифларни қидириш жараёнида топилган. 

Айрим давлатларда 5 та президент қувилди, ҳеч нарса ўзгармади – Назарбеков

Айрим давлатларда лидерни ёмонлаш орқали жамиятдаги катта ислоҳотни чилпарчин қилиб ташлаш бўйича маълум тажрибалар яратилган. Бунинг ортида катта гуруҳлар ишлайди. Шунинг учун айрим давлатларда 5 та президент қувилди, лекин жамиятда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков  29 июнь куни журналистлар билан учрашувда сўз очди. 

Назарбеков, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бўлаётган тортишувлар, янги Конституция тарғиботи билан боғлиқ чиқишлар муҳокамаларга сабаб бўлаётганига тўхталди. У айрим блогерларнинг фаолияти уни қўрқитаётганини айтди. 

Вазир айнан қайси мамлакат ҳақида сўз юритганига аниқлик киритмаган. Бироқ англашилишича, Назарбеков катта эҳтимол билан Ўзбекистоннинг яқин қўшниси Қирғизистондаги вазиятга ишора берган.

“Асалҳоней”нинг қотили уни қандай ўлдирганини айтиб берди

Қайд этилишича, асли хоразмлик бўлган 25 ёшли йигит ўтган йилнинг ёз ойларида Интернет орқали Асал Хўжаева билан танишиб, у билан учрашиш учун 300 АҚШ долларига келишган. Аммо йигитда ушбу маблағ йўқлиги сабаб жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида такроран унга қўнғироқ қилиб, ўзининг моддий шароитини тушунтирган.

Йигитнинг сўзларига кўра, у телефон қилганида Асалҳоней турли уятли сўзлар билан ота-онасини қўшиб ҳақорат қилган.

Ушбу ҳақоратли сўзлардан сўнг, қотил йигит Хўжаеванинг Instagram саҳифаси орқали яшаш манзили ва ушбу хонадонда бўлган моддий бойликларни кузатиб, Хўжаевадан қасд олиш мақсадида уни ўлдириб, бойликларини қўлга киритиш ҳақида жиноий режа тузган.

Қурбон ҳайити қачонга тўғри келиши айтилди

Ҳижрий 1443 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни милодий йил ҳисоби бўйича 2022 йил 30 июнь кунига тўғри келади.

9 июль Қурбон ҳайити сифатида расман тасдиқланса, ўзбекистонликлар иш ҳафтасининг туридан қатъи назар кетма-кет 4 кун дам олишади.


Мақола муаллифи

Теглар

Асалҳоней тонирофка Қорақалпоғистондаги намойишлар

Баҳолаганлар

259

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг