Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради
Маданият-санъат
−
29 Июнь 2022
60321Кеча, 28 июнь куни адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 74 ёшида вафот этди.
У 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1966-1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.
Иброҳим Ҳаққул 1970-1972 йилларда "Шофиркон ҳақиқати" газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган.
Унинг "Навоий ва Мавлоно Ашраф", "Дарё каби ҳамиша уйғоқ..." каби илк адабий мақолалари шу газетада босилиб чиққан.
Олим 1972 йилдан то ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият қилиб келган.
Иброҳим Ҳаққул 1976 йили "Ўзбек адабиётида рубоий" мавзусида номзодлик, 1995 йили "Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти" мавзусида эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Дастлаб унинг "Ўзбек адабиётида рубоий" (1981), "Увайсий шеърияти" (1982), "Бадиий сўз шукуҳи" (1987) китоблари нашр этилган бўлса, кейин "Занжирбанд шер қошида" (1989), "Шеърият - руҳий муносабат" (1989), "Абадият фарзандлари" (1990), "Тасаввуф ва шеърият" (1991), "Камол эт касбким..." (1991), "Ғазал соғинчи" (1991) каби 20дан ортиқ китоблари босилиб чиққан.
У рус тилидаги икки жилдлик "История узбекской литературы" китобининг муаллифларидандир.
LiveБарчаси