Туркманистон Қорақалпоғистондаги воқеалардан хавотирда
Жамият
−
05 Июль 2022
14781Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги охирги кунларда Ўзбекистон Республикаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеалардан хавотир билдирди. Бу ҳақда Туркманистон ТИВ Матбуот хизмати тарқатган баёнотда билдирилган.
“Туркманистон томони Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда конституциявий тузум ва ҳуқуқ-тартиботни, халқ хавфсизлиги ҳамда тинчлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз вақтида амалга оширилган қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мамлакат кўп асрлик донишмандлик, тажриба узоқни кўзлаган ҳолда юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтишга, Ўзбекистон Республикасининг изчил ва барқарор ривожланишини, давлат ва жамоат институтлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилишига ишонади.
“Туркманистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси сифатида бу давлат билан қардошлик, дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталари билан боғланиб, унга зарур ёрдам ва кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдиради”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Туркия каби бир қатор давлатлар Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь