“Асалҳоней”нинг қотили 16,5 йилга қамалганидан норози
3-саҳифа
−
15 Сентябрь 2022
20268“Асалҳоней” номи билан машҳур инста-блогер Асал Хўжаева қотиллигида айбдор деб топилган фуқаро суд қароридан норози бўлиб, аппеляция шикояти билан мурожаат қилди. Бироқ апелляция инстанцияси унга тайинланган жазони ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Жорий йилнинг август ойида Асал Хўжаеванинг ўлими билан боғлиқ суд ҳукми эълон қилинган эди. Аммо, судланувчи ҳукмдан норозилиги учун судга апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва енгилроқ жазо беришни сўраган.
“Сал енгилроқ жазо беришларини сўрайман. Астма касалим бор”, дейди у.
Марҳума билан Instagram саҳифасида танишиб, сўнг унинг қотилига айланган судланувчи нима сабабдан бу ишни қилганига яна бир бор изоҳ берди.
“Ота-онамдан, шаънимдан сўкиб ҳақорат қилди. Сўкишдик. Ўшандан кейин ўлдиришга қасд қилдим. Икки марта ўлдираман деб борганман. Биринчи марта тош билан уриб ўлдираман деб борганман. Иккинчи марта пичоқ олиб борганман. Уйдан чиқишини икки соат кутганман. Тўғриси, минг марта пушаймон бўлдим”, дейди жиноятчи.
Апелляция инстанцияси судланувчининг шикоятини кўриб чиқиб, унинг талабини қондиришни рад этди ва биринчи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдирди.
“Судлов ҳайъатининг бундай хулосага келишига сабаб, содир этилган жиноятнинг ўта оғир жиноятлар таснифига кириши, у томонидан оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жинояти ва босқинчилик жинояти содир этилганлиги, биринчи инстанция суди томонидан унга қонун доирасида адолатли жазо тайинланганлиги асос бўлди”, дейди судья.
Шайхонтоҳур туман судининг ҳукмига кўра, 1997 йилда туғилган судланувчи қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик жиноятларини содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 16 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Маълумот учун, Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни соат 10:01 да Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилганди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, Асал Хўжаеванинг ўлими қорин олд соҳасида бир дона санчилиб кирувчи кесилган жароҳати, бўйин чап томони санчиб кесилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши оқибатида юз бергани аниқланган.
Воқеа жойи криминалистика техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлардан намуналар, мурда кийимлари, қўл бармоқ излари, 1 дона ноутбук, 1 дона флешка, 4 дона уяли алоқа телефони, 4 дона банк пластик карталари далилий ашё сифатида олинган.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов, шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов, Яшнобод тумани прокурори А.Донаев, шаҳар ИИББ ва туман ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда тезкор тергов гуруҳи аъзолари етиб борган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь