Тезкор: “Тонировка” нархи белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистонда автомобилларнинг олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсат берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари ёки амалдаги БҲМга кўра, 2 миллион 400 000 сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Қарор билан жорий йил 1 июлдан бошлаб енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинмоқда.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари этиб белгиланмоқда.

Шундай тартиб ўрнатиляптики, унга мувофиқ жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб:

а) ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади;

б) енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

ишлаб чиқарилганига ўн бир йилдан ўн тўрт йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари – икки йилда бир марта;

ишлаб чиқарилганига ўн беш йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари – бир йилда бир марта.

Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспорт воситалари учун татбиқ этилмайди.

Автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан бир қаторда ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ҳам амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Қарорда Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини автоматик тарзда сақлаб қолиш тартибини жорий этиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2839

Рейтинг

4.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг