Гулжаҳон Йўлдошева ўзига қўйилган айбларни тан олмади
Жамият
−
05 Декабрь 2020
12118Хабарнгиз бор, кеча, 4 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд эшитувчида давлат айбловчиси – прокурор Акбар Нигманов Гулжаҳон Йўлдошева ва шу иш доирасида судланаётган бошқа айбланувчиларга айбловни ўқиб эшиттирди. Тергов хулосасига кўра:
Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 25-167-моддаси 3-қисми “а” банди, 207-моддаси 3-қисми “а” банди, ҳамда 207-моддаси 1-қисми билан;
Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган Шихназар Рўзметовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисми билан;
Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган Жаҳонгир Зиядуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари, 228-моддаси 3-қисми “а” банди билан;
Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган Алишер Дадаматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 25-167-моддаси 3-қисми “а” банди билан;
Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган Жанар Акимовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилинди.
Айбланувчилар юқорида зикр этилган моддалар бўйича қасддан жиноят содир этишда айбланяпти.
Айблов ўқиб эшиттирилгач, суд айбланувчиларнинг ҳар биридан кўрсатилган моддалар бўйича айбига иқрорлигини сўради. Гулжаҳон Йўлдошева жиноят ишида келтирилган айбловга мутлақо иқрор эмаслигини билдирди. Жумладан, у шундай деди:
“Йўқ, мен қўйилган айбловдан умуман норозиман. Чунки мен ҳали жиноий иш билан танишиб чиққаним ҳам йўқ. Прокуратура органи тасдиқланган ҳужжатларсиз иқтисодий ҳолатларни “чиройли” қилиб ёзибди.
Рустамов Фаррухнинг ўлими юзасидан ҳеч қандай қўполлик қилишни хоҳламайман. Бундан ташқари, жиноий ишда бирор бир гувоҳ мен кимгадир қандайдир эпикриз (беморнинг аҳволи тўғрисида қарор) ёзишни айтганим ва беморни қўчиришда қатнашганим ҳақида гувоҳлик бермаган. 10-11 ноябрь куни ёзилган ва бу терговчига маълум эди, у жиноий ишда қандай бўлса шундай ёзиб қўйса бўларди. Мен умуман норозиман”.
Қолган айбланувчилар Рўзметов, Зиядуллаев, Дадаматов, Акимова айбловга қисман иқрорлигини билдирди.
Судья Суннатилла Авлокулов ушбу жиноий иш бўйича кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 7 декабрь куни бўлиб ўтишини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, кечаги суд мажлисида Йўлдошевага нисбатан қўлланган уй қамоғи эҳтиёт чорасини ўзгартириш масаласи ҳам кўрилди. Суд айбланувчи адвокатининг Йўлдошевага нисбатан танланган эҳтиёт чорасини юмшатиш талабини рад этди.
Йўлдошева иши
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.
Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.
LiveБарчаси