БП Тошкент вилояти бош инфекционисти қамоққа олиниши бўйича баёнот берди
Жамият
−
10 Сентябрь 2020
18759Аввалроқ, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. У қандай айблов билан ушлангани ҳақида расмий маълумот берилиши кутилаётганди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳисбга олиниши бўйича расмий маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган. У Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва “COVID-19” ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганини ва 2 август куни унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик холати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг кўрсатмаси билан ушбу бемор оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган.
Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор “COVID-19” касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 250,8 млн. сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-тарож қилингани аниқланган.
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Ю. бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.
2020 йил 08 сентябрь куни шифохона бош шифокори Г.Й. мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Айбланувчи Г.Й. тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси