“Бу иш ортида катта кучлар турибди”. Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати билан суҳбат (видео)
Интервью
−
06 Октябрь 2020
36547Хабарингиз бор, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.
Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутдик.
Ушбу суҳбатнинг видеосини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
"Бу иш ортида катта кучлар турибди". Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати билан суҳбат
Хушнуд Ахроров, адвокат: — Президентимиз ўз сиёсатлари аввалида Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири бўлган, Суд- ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва ҳуқуқий демократик давлат қуришни алоҳида таъкидлаб ўтганлар. Афсуски, бугунги кунда ҳам, айрим эски иллатлар, муаммоли вазиятларга дуч келмоқдамиз.
Жумладан, ҳимоям остидаги Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан сунъий равишда топилган айбловлар ва текширувлар бунга асос бўлмоқда. Бу ҳам етмагандек, Чирчиқ шаҳар прокурори билан бўлган интервью бугунги кунда долзарб ва муаммоли вазиятларни ҳолисона ёритаётган “QALAMPIR.UZ” сайти орқали эълон қилинди. Ва улар томонидан содир этмаган жиноятларда айблаш ҳаракатини амалга ошириш мақсадида чиқишлар қилинди. Аммо, ЖПКнинг 23-моддасига асосан, ҳеч ким суднинг қонуний қарори кучга кирмагунга қадар айбдор деб ҳисобланмайди.
Бу жиноят ишидаги фаолиятимни Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоя вазифасини амалга оширишни, унинг яқин қариндошлари билан тузилган шартномага кўра, 12 сентябрь кунидан бошлаб амалга ошира бошладим. Терговчи Нурматов олдига бориб, менга қадар ҳимоям остидаги шахс Гулжаҳон Йўлдошева билан ўтказган процессуал ҳаракатлардан нусхалар олдим. Г.Йўлдошева билан ҳоли учрашиш ҳуқуқига эга бўлганим учун Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ички ишлар бўлимининг вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига бориб, чамаси 1соат 30 дақиқа давомида айбланувчи билан суҳбатда бўлдим. Ва ўтган ҳолатлар, бунга сабаб бўлган вазият ҳақида керакли маълумотларга эга бўлдим.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Биринчи навбатда, Гулжаҳон Йўлдошеванинг шифокорлик фаолиятига тўхталиб ўтсангиз. Соғлиқни сақлаш бўлимининг маълумотларига кўра, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси COVID касалликлари учун мўлжалланмаган, лекин Г.Йўлдошева томонидан 15 март куни карантин эълон қилинган ва шифохона 16 мартдан эътиборан ёпилган.Улар бу вазиятни қандай изоҳлаяптилар?
Х.А: — Гулжаҳон Йўлдошева Тошкент вилояти бош инфекционисти лавозимида ишлаган. Қандай қилиб, Тошкент вилояти миқёсидаги шифохона COVID-19 касаллигига мўлжалланмаган бўлиши мумкин?
Куни кеча улар билан бўлиб ўтган суҳбатдан маълум бўлдики, вилоят бошқармаси бошлиғи томонидан, йигирма икки тадан зиёд COVID га қарши курашиш учун касалхоналар мослаштирилган бўлсада, Тошкент вилояти бўйича, уч та ёки тўрт та COVID га қарши курашиш касалхоналари фаолият юритган. Шу сабабли, COVID хасталиги кенг кўламда Тошкент вилояти миқёсида тарқалиб кетиши кузатилган. Г.Йўлдошеванинг сўзларига кўра,Тошкент вилояти ССБ бошлиғи инфекционист-вирусолог эмас.
Ф.Н.: — Шу ўринда айтиб ўтишим зарурки, 2020 йил 26 мартдаги 79-сонли буйруқ билан Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Провизор сифатида яъни, COVID касаллигига гумонда бўлган шахсларни даволаш учун мўлжалланган шифохона этиб белгиланган. Бу маълумотни Тошкент вилояти ССБ биринчи ўринбосари Низом Хайруллаев тақдим этдилар.
X.A.: — Шу ўринда, Тошкент вилояти ССБ биринчи ўринбосари Низом Хайруллаев қайси шифохона COVID касаллигига мўлжалланганлигини айтсалар таҳсинга сазовор иш бўлар эди. Тор мутахассисликларга эга бўлган ходимлар билан таъминланган, саксон иш ўринга эга вилоят миқёсидаги касалхона провизор бўлса, беморларни қайси шифохонага жўнатиш буйруқда кўрсатилса, яхши бўлар эди. Бу буйруқ ҳақида ҳимоям остидаги Гулжаҳон Йўлдошева менга хабар бергани йўқ.
Ф.Н.: — Биздаги яна бир маълумотга кўра, Гулжаҳон Йўлдошева шифохонага 17 мартдан бошлаб то июль ойининг ўрталарига қадар келмаган. Ташқаридан туриб назорат олиб борганлар ва маош олганлар. Бу ҳақда нима дея оласиз?
X.A.: — Бу ёлғон хабардан бошқа нарса эмас!Ҳозир Рустамов Фаррухнинг ўлимида айбсиз айбланиб қолаётган видео тасвирни тақдим этдим. Гулжаҳон Йўлдошеванинг шахсан ўзлари марҳум Рустамовни кўрикдан ўтказганлар. Айнан шифохонада елкама-елка фаолият олиб борган. Бу ҳақда ҳамкасбларидан ҳам сўраш ва аниқлик киритиш мумкин.ССБ томонидан тақдим этилган маълумотларни номақбул далил сифатида баҳо бераман. Бу маълумотни Йўлдошевага нисбатан қуруқ туҳмат деб биламан.
Яна шуни айтиб ўтиш керак, агар улар шифохонага бормай маош олган бўлсалар, ўзлари COVID -19 га чалиниб 27 августдан 4 сентябрга қадар Республика тақсимлаш марказида даволанганлар. У ердан чиқиб Вирусология институтига йўлланма берилган. Бу видео тасвирда кўриниб турибди. Рустамовда эса,нафас олиш аппарати бўлмаган. Чирчиқ шаҳар прокурори интервьюсида, нафас олиш аппаратини олиб ташлагани ва Руҳий- асаб касалликлари-диспансерига жўнатгани айтилган. Бу ёлғондан бошқа нарса эмас, негаки Рустамовни касаллик тарихига назар ташласак, 1 август куни шифокор, Раҳмонов Шоназар Гулжаҳон Йўлдошеванинг шифохонада бўлмаган вақтида, тез тиббий ёрдам машинасида уни Руҳий-асаб касалликлари-диспансерига юборган. Рустамов махсус автомашинада эмас, балки Руҳий-асаб касалликлари-диспансеридан махсус автомашина чақирилиб, тиббиёт ходимлари билан, тинчлантирувчи халат ёрдамида олиб борилиши керак эди. Тез тиббий ёрдами машинасида юборилишининг ўзи уюштирилаётган ҳаракат деб биламан. Бу ҳаракатларда Гулжаҳон Йўлдошеванинг иштироки йўқ.
Ф.Н.: — Юқорида айтиб ўтдингиз, Рустамов қўллари боғланган холда бориши керак деб, нега қўллари боғланган ва назоратда бориши керак ёки Гулжаҳон Йўлдошева Рустамовда руҳий зўриқиш юқори эканини айтганмиди?. Умуман олганда нега у Руҳий-асаб касалликлари диспансерига ўтказилиши керак?
X.A.: — Йўқ! Рутамовни Руҳий-асаб касалликлари диспансерига ўтказилишига Гулжаҳон Йўлдошева қарши бўлганлар, Йуларнинг ўзлари таъкидлашича, агар ўтказиш лозим бўлса ҳам, юқорида айтилган шаклда ўтказилиши лозим эди. Рустамовнинг Руҳий-асаб касалликлари диспансерига ўтказилишини қатъиян ман этганлар. Бу уларнинг сўроқ баённомаларида ҳам акс этган. Раҳмоновдан нима сабабдан ўзбошимчалик билан Рустамовни Руҳий-асаб касалликлари диспансерига ўтказгани ҳақида сўралганда, буни сабабини Тошкент вилояти ССБ томонидан телефон орқали берилган оғзаки буйруқ асосида қилганини айтган.
Ф.Н.: — Шу ўринда яна бир савол пайдо бўлади, Гулжаҳон Йўлдошеванинг марҳум Рустамовни кўчирилиши ҳақида хабарлари йўқ экан. Руҳий-асаб касалликлари диспансери бош шифокори Феруза Шоносированинг айтишларига қараганда эса, Гулжаҳон Йўлдошева Феруза Шоносировага қўнғироқ қилиб Рустамовни Руҳий -асаб касалликлари диспансерига ўтказиш кераклиги ҳақида айтганлар. Нима учун уларни гапи бир жойдан чиқмаяпти?
X.A.: — Бу масала юзасидан ҳимоям остидаги Йўлдошева билан суҳбатлашдим. Феруза Абдуллаевна билан суҳбатда бўлганлари, лекин беморни шифохонага ўтказиш масаласида эмас, балки маслаҳат масаласида қўнғироқ қилганликлари, тор мутахассис юборилиши керак эканлиги ҳақида гаплашганларини айтдилар. Марҳум Рустамовнинг касаллик тарихида Йўлдошеванинг бирорта имзоси йўқ. Рустамов Фаррух шифохонага ётқизилиши билан, у ишлаган шифохонадан иккита реаниматор шифокорлар уларни даволаш учун йўналтирилган. Барча муолажалар айнан шу шифокорлар томонидан олиб борилган. Улар Ж.Зиёдуллаев ва А.Агзамовлардир. Бу икки шифокор Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида реаниматор шифокор ва реанимация бўлими йўқлиги сабабли, Рустамовнинг аҳволи оғир бўлгани учун бошқарма томонидан айнан шу шифокорлар йўналтирилган. Феруза Абдуллаевнанинг бундай интервью беришлари ҳақида эса уларни орасидаги бўлган мулоқотни текшириш қийин эмас. Қачон, қайси телефон рақами орқали суҳбат қилганларини қўнғироқлар тарихи орқали билиш мумкин.
Ўйлайманки, уларнинг бундай интервью бериб чиқиш қилишлари ортида қандайдир кучлар турибди.
Очиқ айтадиган бўлсам, Президентга йўлланган шикоятда ҳам кўрсатиб ўтганман. Дастлабки тергов бир томонлама, яъни ҳимоям остидаги Йўлдошевани айблаш йўсинида олиб борилганлигини, ЖПКнинг 22-23-моддаси талабларига зид равишда амалга оширилганлиги, айнан шу маълумотлар ва касаллик тарихи тергов органида мавжуд бўлсада, яна ҳибсга олинганликларини кўришимиз мумкин. ЖПК нинг 76 моддаси 3-қисмига асосан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар прокуратураси ва Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатларини ўтказишга рад жавобини бердик. Бунинг сабаби эса, уларга нисбатан асосли шубҳаларимиз борлигидадир.
Мен ушбу ҳолатдан Президентни хабардор этиш мақсадида уларнинг номларига шикоят билан мурожаат қилдим. Бунинг асосий сабаби 2019 йил айнан ҳимоям остидаги шахс фаолият олиб борган шифохонага ўн млрд сўм маблағ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун ажратилган. Афсуски, Тошкент вилояти ССБ бошлиғи Орзиқулов Тўрақул Содиқович томонидан ушбу маблағлар ўттиз та ўринга мўлжалланган Олмалиқ шаҳар шифохонаси бўлимини таъмирлаш учун йўналтирилган. Бу ҳам етмаганидек, қўшимча уч млрд сўм миқдордаги давлат маблағи сарфланади. Бу маълумотлар Гулжаҳон Йўлдошева томонидан очиқланди. Айнан шу таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳага имзо чекиш керак бўлганда Йўлдошева бундан бош тортганлар. “Олмалиқ кон металлургия комбинати томонидан берилган ихтиёрий пуллар Олмалиқ шифохонасига йўналтирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди”- деган таклифларига жавобан, Юқумли касалликлар шифохонасига кетма-кет, молиявий хўжалик фаолияти бўйича текширувлар амалга оширишган. Энг сўнги текширув 2019 йил сентябрь ойида Вазирлар маҳкамаси ва ССВ томонидан амалга оширилган. Ушбу текширувлардан сўнг Шифохона фаолиятига яхши баҳо берилиб, уларни рағбатлантириш фикри берилсада, декабрь ойида ССБ томонидан такрор текширув амалга оширилади. Буни остида эса ғараз мақсадлар ётганини кўришимиз мумкин. 14 июль куни ССБ томонидан “ЎЙИНДАН ЧИҚ”, деб Йўлдошевага айтилади. Буни қандай тушуниш мумкин?
Ф.Н.: — Шу ҳақда батафсил айтиб берсангиз, ким қаерга чақирган ва қандай ўйиндан чиқиш кераклиги айтилган?
X.A.: — Бу ҳақда менга ҳимоям остидаги Г.Йўлдошева Чирчиқ шаҳридаги вақтинча ушлаб туриш тергов ҳибсхонасида бўлган суҳбатда айтди. У 2020 йилнинг 14 -17 июль кунлари, ССБ бошлиғи томонидан, чақиртирилиб ўз ихтиёри билан ўйиндан чиқиши кераклиги айтилган. Шунда Г.Йўлдошева: “Қандай ўйиндан чиқаман? Мен ўз ходимларимни ташлаб кетолмайман!”- деб жавоб берган. ССБ бошлиғи “Мени ортимда шундай қудратли шахслар борки, илгари ҳам вилоятимда сендек ишлаган ва менга қарши чиққанларни қамоқда чиритганман”-деб айтган. “Бу гапнинг мазмунини энди бу ерда ўтириб тушундим”, деб айтди Йўлдошева. Шу сабабли, айбланувчи Йўлдошева овқат ейишга ҳам қўрқаётгани ва уни заҳарлаб қўйишлари мумкинлигини таъкидлади.
Ф.Н.: — Юқорида ҳам айтиб ўтдингиз, Рустамовни Тошкент вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерига юборган бош шифокор Йўлдошева эмаслигини. Лекин бир беморнинг бир шифохонадан бошқа шифохонага олиб ўтишда наҳотки бош шифокорнинг хабари бўлмаган?
X.A.: — Бош шифокорнинг хабари бўлиши лозим, лекин уларга хабар берилмаган. Юқорида айтганимдек, Йўлдошева шифохонага келиб Рустамовнинг бошқа шифохонага юборилганини билгач, ўз эътирозларини келтирган. Ҳимоям остидаги Йўлдошева суҳбат чоғида яна шуни айтиб ўтдиларки, Рустамовни олиб кетаётган Тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчи ярим йўлда тўхтаб, уни Руҳий -асаб касалликлари диспансерига олиб бормаслигини айтган, лекин унга ССБ мансабдорлари қўнғироқ қилиб, талаб қилишган. Бу кўрсатмалар қандай қилиб тергов органи назаридан четда қолиши мумкин?
Ф.Н.: — Сиз бу ҳайдовчи билан суҳбатда бўлдингизми?
X.A.: — Йўқ.
Ф.Н.: — Нима сабабдан?
X.A.: — Мен уни ким эканлигини аниқлай олмадим. Лекин буни ҳимоям остидаги Йўлдошева касалхонада ётган вақтларида аниқлаган эканлар. Юқумли касалликлар шифохонаси томонидан юборилганда ҳам, оддий шифокор йўлланмаси билан, махсус автомашинасиз, руҳий-асаб касалликлари диспансерига қабул қилмаслиглари мумкин эди. Оғзаки равишдаги хулоса билан қабул қилиш нотўғри. Булардан кўриниб турибдики, ушбу ҳаракатлар Йўлдошевани асоссиз айблаш ва уни жамиятдан ажратиш учун қилиняпти.
Ф.Н.: — Рустамовни Руҳий -асаб касалликлари диспансерига ўтказишдан кимга қандай фойда бор?
X.A.: — Бу нарса менга қоронғи, лекин терговчи билан бўлган суҳбатда ҳам марҳум Рустамовга шифокорлар муолажаларни белгилаганларида ушбу дори воситалари, муолажалар унга тегишлича таъсир кўрсатмаётганлиги айтилган. Рустамовга унинг турмуш ўртоғи уйдан дори воситалар олиб келгани ҳақида айтилди. Бу нарса шубҳа туғдиради, бу уларни даволаш учун меҳнат сафарига келган шифокорлар ва Рустамовни оила аъзолари ўртасидаги қоронғилик. Бу воқеага ҳам дастлабки тергов органи баҳо бермасдан. Айби бўлган иштирокчиларни назардан четда қолиб кетмоқда. Баҳона сифатида эса тергов органидан бўйин товлаганлари айтилмоқда. Айтиб ўтганимдек улар касалхонада бўлганлар.
Ф.Н.: — ССБ биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан бўлган суҳбатда, Юқумли касалликлар шифохонаси, ССВ дан психотроп дори воситаларини олиш учун, лицензияга эга эмасликлари, ССБ томонидан лицензия олишлари қайта ва қайта айтилсада Гулжахон Йўлдошева бунга эътибор бермаганлари айтилган.
X.A.: — Бу борада Йўлдошева билан сухбатлашганимда, улар иш фаолиятини бошлагач, психотроп дори воситаларни сақлаш учун сейф ўрнатганликларини, панжарали, хона ажратиб иккига бўлинганлиги ва шароит яратилганлигини айтишларига қарамай, бошқарма томонидан лицензия олиш учун тегишли ҳаракатлар амалга оширилмаганлиги, Йўлдошева томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларга тўсқинлик қилганлигининг яққол мисоли деб айтиш мумкин.
Гулжаҳон Йўлдошева олтита фарзанднинг онаси, кичиги икки ёшда. Суд томонидан белгиланган жазо, агар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо бўлса, кичик фарзанди уч ёшга кирмаган онани жазоси кечиктирилади.
Бизнинг ҳолатда ҳали айби исботланмай туриб COVID билан энди хасталаниб чиқиб, реабилитация жараёнида бўлган аёлни зудлик билан ҳибсга олиниши, сунъий айбловлар қўйилиши, жумладан 260 млн миқдордаги пулларни талон-тарож қилинганлик ҳолатига баҳо берадиган бўлсак, ҳақиқатдан четдаги ҳолат. Ёки 6 фоиз қўшимча эса, бу давлат томонидан берилаётган пуллардир. Ушбу устамани ортиқча олган тақдиримизда ҳам қайтарамиз деган истак тиббиёт ходимлари томонидан билдирилган.
Касаллик билан курашган шифокорларга берилган 6 фоиз устамани моддий зарар деб айтилишининг ўзи ҳам ҳақиқатдан йироқ. Нафақат ҳимоям остидаги балки кўплаб бошқа шифохона шифокорларига ҳам пуллар тўланмаган. Кўплаб шифокорлар ССБ мансабдорларининг ҳаракатидан норози.
Ф.Н.: — Биз Чирчиқ шаҳар прокурори билан интервьюни эълон қилганимиздан сўнг, “QALAMPIR.UZ” га қўнғироқ қилиб ушбу интервьюдан норози эканлигингизни билдирдингиз. Нима асосида прокурордан ва прокуратура олиб бораётган ҳаракатдан норозисиз?
X.A.: — Прокурор ҳимоям остидаги айбланувчи содир этган ҳаракатларидан пушаймонда эканлиги ва айбига иқрорлигини билдирганлиги ҳақида қайд қилиб ўтдилар. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳолат бундан йироқ. Прокуратура органи қонунчиликни назорат қилувчи орган бўлиб фақатгина қонун доирасида ўз фаолиятини амалга ошириши ва баҳо бериши лозим. Юқорида қайд қилганимдек, судни қонуний кучга кирган ҳукми бўлмагунга қадар ҳеч ким айбдор ҳисобланмасада, улар ўзлари айбига иқрорлигини билдирганлиги ҳақида гапирганлари ҳеч қандай қолибга сиғмайди.
Ф.Н.: — Ҳозир Гулжаҳон Йўлдошевага қамоққа олиш эҳтиёт чораси белгиланган...
X.A.: — Ҳозирда Г. Йўлдошева Зангиота туманида жойлашган Тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланмоқдалар.
Ф.Н.: — Уларга нисбатан қандайдир тазйиқлар бўлганми? Яъни мана шу нарсани мен қилганман деб айтасиз, мана шу ишни бажарганингизни айтишингиз керак. Ёки шунга ўхшаш гап сўзлар бўлганми?
X.A.: — Бу нарса бўлган десам ёлғон бўлади. Бу нарса ҳақида менга Йўлдошева маълумот бермадилар. Бундай ҳолатлар бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Бундай ҳолатлар бўлмаган.
Ф.Н.: — Прокурор билан бўлган интервьюда ўзингиз ҳам гувоҳи бўлдингиз. Нима учун ҳибсга олиш эҳтиёж чораси қўлланилганлиги ҳақида маълумот берганларида, улар терговдан қочганларини айтишган. Яъни яширинди деган маънода сўз юритилди. Бу қанчалик тўғри улар ҳақиқатдан ҳам, тергов жараёнида яшириндиларми?
X.A.: — Улар СOVID-19 га чалинган бўлганлари сабабли меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади. Бундай ҳолатда тергов органининг сўроқ қилишга ҳам ҳаққи йўқ! Йўлдошева СOVID билан касалланган, иккинчи томондан Тошкент шаҳридаги Юнусобод туманида жойлашган UZEXPO марказига ётган ва 4 сентябрдан 7 сентябрига қадар вирусология институтида даволандилар. Буларнинг барчаси мутахассис хулосаси билан кўрсатилган. 8 сентабрь кунидан уйга чиқиб сочларини бўяётган вақтларида қўлга олинган. Қандай қилиб бундай ҳолатда тергов органидан яширинган дея баҳо бериш мумкин? Саволдан савол туғилади. Уларнинг жавобидан савол туғилади ва улар чиқиши билан тўлиқ соғаймаган беморни ҳибсга олишган.
Яна таъкидлайман, “Ойни этак билан тўсиб бўлмайди” албатта, шу сабабли ҳақиқатни яшириш мақсадида прокурор томонидан ушбу кўрсатмалар берилган.
Ф.Н.: — Рустамовни шифохонага юборган шифокор, уларни олиб борган ҳайдовчи... Яна кўплаб гувоҳлар билан тергов жараёнида Прокуратура томонидан гувоҳлик олиндимикан? Ёки юзлаштиришлар бўлдими?
X.A.: — Йўқ. Бу ҳақида маълумотга эга эмасман, токи, жиноят процессуал кодекси талабларига асосан ҳимоячи фақатгина ўзини ҳимояси остидаги шахс томонидан унга қадар олиб борилган процессуал ҳаракатлар билан танишишга ҳақли ва тергов органи томонидан кимлар жалб қилинган, қилинмагани ҳақидаги воқиф эмасман.
Аммо, юқорида кўрсатганимдек бош прокурор Раҳматилла Тўлқинович номига хат билан 76-модданинг 3-қисмига асосан, холислик ва беғаразлик асосли шубҳалар мавжуд эканлигига сабаблар келтирганман.
Уларни жўнатган шифокор Рўзметов Шоназар эканлигини айтганимда уларда барча маълумотлар бор экганлигини аммо яна ўзларини фикрида қолиб, Гулжаҳон Йўлдошева терговдан яширинганлиги ҳақида маълум қилдилар. Яъни барча, ҳозирда маълум қилинаётган ҳолатлар тергов органига маълум бўлсада, асосий сабабчилари дастлабки тергов томонидан тегишлича жавобгарликка тортилмай гувоҳ тариқасида сўроқ қилиб келмоқдалар ва барча айбловлар “ZO’R TV” ва сизнинг сайтингиз орқали Йўлдошева айбдорлиги ва айбига иқрорлиги ҳақида маълум қилинди.
Ўйлайманки, бу ҳолатлар барчаси ҳурматли Президентимиз назарларига тушади ва тегишлича махсус комиссия тайинланади. Бу ҳолатларга чек қўйилади деган умиддаман. Адолат қарор топади.
Ф.Н.: — Бизда эълон қилинган интервьюдан ташқари, ҳимоянгиздаги Гулжаҳон Йўлдошева томонларидан сизга биз билмаган қандай яна ҳақиқатлар айтилди?
X.A.: — Сўнгги маротаба куни-кеча ҳам улар билан учрашдим. Аммо, ҳозир COVID– 19 карантин тадбирлари сабабли ҳимоям остидаги томонидан ёзиб берилган қўл ёзмаларни олиш имкониятига эга эмасман. Улар ўз ҳуснихатлари билан ёзган варақларни кўрсатдилар. Лекин, мен танишиш имкониятидан маҳрумман. Ойнадан телефон орқали суҳбатлашяпмиз, уларнинг жуда кўп маълумотлари бор.
Ф.Н.: — Биз айтаётган бош инфекционист шифохонада кўп миқдордаги антибиотик дори воситаларини сақлагани, ва ҳозирги кунда кўпларга зарур бўлган дори воситасини муддати ўтгани айтилди. Яна шуни айтиш керак ССБ томонидан ташкил этилган конференцияларда дори тақсимотларида қатнашмай туриб, бироз вақт ўтгач дори кераклигини айтиб иддао қилганлари айтилди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
X.A.: — Муддати ўтган дори воситалари ҳақидаги саволни кутаётган эдим. Биз биламиз кўплаб Жанг усуллари бор, ССБ томонидан барча жанг усуллари қўлланилмоқда. Сиз айтган дори воситалари ССБ томонидан Пульмонологияга берилган, у ерда дориларни муддати ўтгач, бошқармадан дори воситаларини олиб кетишни айтишган. Дориларни муддати ўтишида Йўлдошевани алоқаси йўқ.
Ф.Н.: — Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бошқа шифокорлари билан суҳбатда бўлдингизми?
X.A.: — Суҳбатда бўлдим. Улар ҳозир, ҳақиқатни талаб қилиб, ўз ходимлари учун мукофот пулини беришни, беморларга керакли мосламалар талаб қилиб айбдор бўлиб қолган шифокорнинг қисмати уларда ҳам такрорланмаслигидан қўрқувдалар.
Ф.Н.: — Юқорида тақдим этган видео лавҳада кўриш мумкин, беморда сунъий нафас олиш аппарати бўлмаган. Шахсан ўзингиз ҳам Прокурор томонидан сунъий нафас олиш аппарати олиб ташланган деб айтилган гап ёлғон деб келтириб ўтингиз. Нега оғир аҳволдаги беморда сунъий нафас олиш аппарати бўлмаган?
X.A.: — Йўлдошеванинг менга маълум қилишларига қараганда, сунъий нафас олиш аппаратига зарурат бўлмаган. Ҳақиқатни гапириш учун Йўлдошева ҳибсда, қолганлар эса атрофида айланиб юришибди.
Ф.Н.: — Кадр ортига суҳбатлашганимизда, ҳеч ким Рустамовни вафотига эътибор қаратмаётган эди, Йўлдошеванинг мурожаатлари ижтимоий тармоқларда эълон қилиндию, Рустамовни ўлими биринчи ўринга чиқиб қолди, деб айтиб ўтингиз. Шунга тўхталиб ўтсангиз.
X.A.: — Бу борада Гулжаҳон Йўлдошева менга шундай баён қидилар, марҳум Рустамов 2 августда вафот этган. Йўлдошева эса 9 август куни ижтимоий тармоқларда чиқиш қилганлар. Лекин Рустамиовнинг узоқ қариндошлари томонидан айнан шу видео чиққанидан сўнг яъни 10 август куни Йўлдошеванинг устидан ариза ёзган. Одам вафотидан сўнг, прокуратура тергов олди суриштирув ўтказади. Марҳумни экспертиза қилиш мумкин эди-ку. Ҳар бир ўлим қайд этилади, айниқса у Руҳий-асаб касалликлари шифохонасида вафот этган бўлса. Видео мурожаатдан сўнг прокуратурага Рустамовни синглиси, эрининг укаси, яъни Русатмовнинг синглисининг қайни укаси ариза билан муожаат қилган.
Яна шуни айтиш мумкинки, 2020 йилнинг 10 август куни аризачи ССБ га боргани Ғофур ака билан учрашгани, ўз навбатида Низом Хайруллаевич билан суҳбатда бўлиб, улар биргаликда Тўрақул Содиқович қабулига кириб ариза ёзгани ҳақида Йўлдошева томонидан қўлёзма шаклида келтирган. Бунга қандай баҳо бериш мумкин? Албатта, бу ишларга чек қўйилади деган умиддаман.
Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси, Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси, Коррупция ва иқтисодиётни тергов қилиш бошқармаси томонидан амалга оширилганда, ҳақиқатдан ҳам Фаррух Рустамовнинг ўлимида ким сабабчи экани, пул маблағлари ўзлаштирилганми ёки йўқ, барчасига аниқлик киритилган бўлар эди. Бундан ташқари ССБ томонидан қанчадан-қанча бюджет маблағлари талон тарож қилинганлиги аниқланган бўлар эди. Ишонаманки, буларни барчаси Бош прокуратура томонидан суриштирилади.
LiveБарчаси