Жонсон Зеленскийга қўнғироқ қилиб, янги қуроллар юбораётганини айтди
Олам
−
05 Июль 2022
6901Буюк Британия яқин орада Украинага 10 та ўзиюрар артиллерия мосламаларини, шунингдек ўқ-дориларни топширади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Борис Жонсон Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда маълум қилди. Суҳбат тафсилотлари Британия расмий идораси баёнотида келтирилган.
“Бош вазир Зеленскийга Британия ҳарбий техникаси, жумладан, яқин кунлар ва ҳафталарда мамлакатга кириб келадиган 10 та ўзиюрар артиллерия тизими ҳамда ўқ-дорилар ҳақидаги сўнгги маълумотларни тақдим этди”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Жонсон Украина армияси яқинда Россия кучлари томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтариб олишига ишончи комил эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 15 июнь куни Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Украинага ҳарбий ёрдамни кенгайтиришга ваъда берди.
Аввалроқ, G7 давлатлари (Германия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада ва Япония) Украинга қанча керак бўлса, шунча қурол-яроғ етказиб беришини айтган эди.
Шунингдек, G7 Украинага эркин ва демократик келажагини таъминлаш ва ўзини ҳимоя қилиш масаласида ёрдам бериш учун манфаатдор давлатлар билан узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар олиб боришга тайёр эканини таъкидлади.
Бу давлатлар аллақачон Киевга 2,8 миллиард доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатган ва Украинага яна 29,5 миллиард доллар беришга тайёр эканини билдирган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
4 июль куни Россия Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу Россия Президенти Владимир Путинга (Ўзбекистонда тан олинмаган – таҳр.) Луганск Халқ Республикасининг озод қилингани ҳақида ҳисобот берди.
LiveБарчаси