Бундай инсонни дўст деб бўлмайди – Зеленский Трампнинг Путинга муносабати ҳақида
Олам
−
3631 4 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумлари, АҚШнинг ҳарбий ёрдами ва тинчлик музокаралари борасида ўз фикрларини айтди. Шунингдек, у АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Россия Президенти Владимир Путинни “дўстим” деб атаганига муносабат билдириб, Украина олдида турган оғир қиш ҳақида ҳам гапирди. Бу ҳақда Украина Президенти BBC мухбирига берган интервьюсида гапирди.
Маълумотларга кўра, интервью 26 ноябрь куни Зеленскийнинг Киевдаги қароргоҳида бўлиб ўтган. Суҳбат давомида у АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами борасида норозилигини билдирган. Унинг таъкидлашича, баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимлари учун зарур ракеталарни етказиб беришдаги кечикишлар украиналикларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Шунингдек, Зеленский Вашингтон тинчлик музокараларида Россияга етарлича босим ўтказмаётганини айтган.
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Россия Президенти Владимир Путин билан қучоқлашиб тушган суратини “менинг дўстим” ёзуви билан жойлаган. Зеленский мазкур постга муносабат билдириб, Трампнинг ҳаракатини ғалати деб атаган.
“АҚШ бу борада қандай йўл тутиши ўз ихтиёрида, бироқ унинг Путин билан бундай муносабатда бўлиши менга ғалати туюлади. Бу Иккинчи жаҳон уруши вақтида кимдир Гитлерни яхши дўст деб аташига ўхшайди. Путин тажовузкор ва қотил. Бундай инсонни дўст деб бўлмайди”, дейди Зеленский.
Ноябрь ойи бошида Абу-Даби шаҳрида АҚШ, Украина ва Россия делегациялари ўртасида тинчлик музокаралари бўлиб ўтган. Томонлар, асосан, Украинанинг хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилган. Бироқ музокараларнинг сўнгги босқичида сезиларли натижага эришилмаган. Зеленскийнинг айтишича, музокаралар декабрь ойида қайта бошланиши кутилмоқда. У Россияга босим ўтказа оладиган “ҳақиқий ва ишончли иттифоқчилар” зарурлигини таъкидлаган.
“Агар тажовузкорга нисбатан бетарафликни ҳаддан ташқари сақлашга ҳаракат қилинса, бу жабрланувчилар билан бир қаторда тажовузкорни ҳам қўллаб-қувватлашни англатади. Бу мутлақо нотўғри ёндашув”, дейди Украина Президенти.
АҚШ Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эришиш бўйича мураккаб музокараларда нейтрал позицияни эгаллаётганини таъкидламоқда. Айни пайтда Украина ҳаво ҳужумларидан ҳимояланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Россия баллистик ракеталар билан электр станциялари ва кўприкларни нишонга олмоқда. Реактив двигателли дронлар эса ҳар куни Киев маркази ва бошқа йирик шаҳарларга ҳужум қилмоқда.
Украина бунга жавобан Россиядаги нишонларга юзлаб дронлар билан зарба бермоқда. Зеленскийнинг айтишича, Украина душман дронларининг қарийб 70 фоизини йўқ қилишга қодир ва бу кўрсаткич тобора ошиб бормоқда. Бироқ Украина баллистик ракеталарни тутиб қолишга мўлжалланган ракеталар тақчиллигига дуч келмоқда. Зеленский АҚШ Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб беришни кечиктираётганини билдирган.
“АҚШ Яқин Шарққа устувор аҳамият бериб, у ерга кўпроқ ёрдам йўналтираётгани ачинарли. Бу масалада жавобсиз саволларимиз кўп. Ракеталарнинг етишмаслиги эса, аслида, инсонлар ҳаёти билан боғлиқ”, дейди Зеленский.
Шунингдек, у Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан Украинанинг босиб олинган ҳудудларида фойдаланиш чекланганини таъкидлаган. Шу сабабли Украина Россиянинг Shahed дронларини уриб туширишда қийинчиликларга дуч келаётгани айтилмоқда.
“Бу қарорнинг техник томони SpaceX’га тегишли, аммо сиёсий жиҳати ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман. Ҳозирги вазият пинг-понг ўйинини эслатади: биз бир томонга мурожаат қиламиз, улар эса масъулиятни бошқа томонга юклайди”, – дея изоҳ берди Зеленский.
Сўнгги ҳафталарда Украина Россиядаги нишонларга, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари, қурол-яроғ ёки ёнилғи ташиётган кемаларга зарбалар беришни кучайтирган. 26 ноябрь куни Италия бош вазири Жоржа Мелони Ливиядаги Россия ҳарбий кемасининг чўктирилиши урушнинг Ўрта ер денгизига ёйилиш хавфини туғдираётганини айтган. Зеленский эса мазкур ҳужумни оқлаб, “Меркурий” ҳарбий кемасини “мутлақо қонуний нишон” деб атаган.
Украина Президенти бундай зарбалар жуда хавфли эканини тан олган. Аммо иттифоқчилар билан мувофиқлаштирмасдан “ҳеч бир ҳужум амалга ошмаслигини” билдирган. Президент бу борада бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган. Зеленский Украина оғир ва хавфли қишга тайёргарлик кўраётганини ҳам таъкидлаган. Сўнгги пайтларда Киевга уюштирилган ҳужумларда Днепр дарёси устидаги кўприклар нишонга олинмоқда. Бу ҳужумлар шаҳарнинг транспорт ва логистика алоқаларига таъсир кўрсатмоқда.
“Қиш арафасида айрим аҳоли шаҳарни тарк этди, баъзи корхоналар эса ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Электр таъминотидаги узилишлар ва логистика инфратузилмасига берилаётган зарбалар бизнес харажатларини тоқат қилиб бўлмас даражага етказди. Шу сабабли шаҳарнинг катта қисми қоронғуликда қолмоқда. Россия бизни пойтахтни ташлаб чиқиб кетишга мажбурламоқчи. Аммо аҳоли шаҳарни тарк этган тақдирда ҳам, биз пойтахтимизни ҳар қандай йўл билан ҳимоя қилишда давом этамиз. Чунки пойтахтсиз мамлакат бўлмайди”, дея хулоса қилган Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия раҳбари Владимир Путинни “дўстим” деб аташига муносабат билдирганлиги ҳақида хабар берилган эди. Унинг таъкидлашича, Трамп Путинга қандай мурожаат қилиши ўзининг иши, аммо Украина учун Россия раҳбари душман ва қотил ҳисобланади.
Live
Барчаси