Ўзбекка эмас, ўзгага берилаётган газ, жазоланган вазирлар, юраксиз кўмилган Марадона... Бугун нималар бўлди?
Жамият
−
23 Ноябрь 2021
12568Жамият
Биржада бензин 15 фоизга арзонлашди
Биржа савдоларида АИ-80 маркали автомобиль бензини нархи тушишни давом этмоқда. Кеча, 22 ноябрь куни АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 млн 129 минг сўмдан 8 млн 570 минг сўмгача пасайиб, 15 фоизга арзонлашди. Бу хақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, кўрилаётган чоралар натижасида кичик 1 тн лотлар ҳажми жорий йилнинг 22 ноябридан 50 фоизгача оширилди. Кеча биржа савдоларига жами 4317 тн АИ-80 маркали бензин қўйилган бўлса шундан 3879 тн ёки 90 фоизи сотилган.
Қорақалпоғистонда тўрт вазир жазоланди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ҳамда топшириқларининг бажарилишини ташкил қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш, ижро интизомини назорат қилиш, топшириқлар ижросини таъминлашда юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ўз вақтида зарур чоралар кўрмагани учун бир қатор вазирларга жазо чоралари қўлланилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири З.Зиядуллаев, Соғлиқни сақлаш вазири М.Курбанов, Мактабгача таълими вазири Ж.Уснатдинова, Халқ таълими вазири Р.Рейимовга “ҳайфсан” эълон қилинди.
Андижонда электр корхонаси бош бухгалтери блогерни калтаклагани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Андижонда блогер Фотима Жўраева калтакланганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бу ҳақда блогернинг видеомурожаатида айтилган. Бош прокуратура Матбуот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Аниқланишича, кеча, 22 ноябрь куни блогер Фотима Жўраева Улуғнор тумани ИИБга мурожаат қилган.
Фотима Жўраева ўз мурожаатида туман электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчисидан ўзи ҳуқуқшунос сифатида ишлаб келаётган фермер хўжалигига электр энергиясидан қарздорликни сунъий равишда оширилганлиги бўйича тегишли ҳужжатларни беришини талаб қилганлигини билдирган.
Ўзбекистон 10 ой давомида Хитойга қарийб 3 млн тонна газ сотган
Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Хитойга қиймати 601,27 миллион долларга тенг 2,57 миллион тонна газ етказиб берган. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси маълум қилди.
Маълумотларига қараганда, Туркманистон Пекинга газ етказиб берувчилар орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Январь-октябрь ойларида ХХР ушбу мамлакатдан 5,38 миллиард долларга 19,79 миллион тонна газ импорт қилган. Россия (2 млрд доллардан ошиқ суммага долларга 5,94 миллион тонна) эса Хитойга газ етказиб бериш бўйича иккинчи ўринда туради, сўнг Қозоғистон (865,01 миллион долларга 3,73 миллион тонна), кейинги ўринда Ўзбекистон (601,27 миллион долларга 2,57 миллион тонна) ва Мьянма (1,16 миллиард долларга 2,53 миллион тонна) бор.
Ўзбекистонликларга биржада криптовалюта сотиб олишга рухсат берилди. Шартлар қандай?
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон резидентларига криптовалюта сотиб олиш ва сотишга рухсат берди. Бу ҳақда агентлик директорининг “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1а-иловасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғида белгиланган.
Ҳужжат билан биринчи марта 2019 йил 21 январда қабул қилинган криптобиржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг резидентлари крипто-биржаларда крипто-активлар ва токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий Валютада амалга ошириши мумкин.
2022 йилда “Uzauto Motors” Давлат бюджетига қанча ҳисса қўшади?
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети даромадлари 200,0 трлн. сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 215,4 трлн. сўм миқдорида режалангани ҳақида хабар берган эдик.
Молия вазирлигинг 2022 йилги Давлат бюджети бўйича эълон қилган шарҳида бюджет даромадлари кўп жиҳатдан йирик солиқ тўловчи корхоналар иқтисодий ҳолатига боғлиқ экани таъкидланган.
Иккита “газ заправка” 100 минг хонадонга етадиган табиий газни ўғирлагани аниқланди
Тошкент вилоятидаги иккита автомобилга газ тўлдириш компрессор шохобчалари қарийб 1,7 млрд сўмлик табиий газни ўғирлагани аниқланди. Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, АГТКШлар томонидан ўғирланган газ 100 минг хонадонни бир кун давомида газ билан таъминлашга етарли бўларди.
Қайд этилишича, вазирлик штаби томонидан Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган “SHIRINA PETROL” МЧЖ ва Тошкент туманида жойлашган “CLEAN GAS SERVICE” МЧЖга қарашли АГТКШларда табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган текширувда 2 та тадбиркор томонидан 1 млн 635 минг куб метр табиий газдан ноқонуий фойдаланилгани аниқланган.
Олам
“Толибон” БМТ санкция қўйган шахсларни ҳукуматга олди
Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг янгиланган ҳукумати таркибига БМТ санкциялари рўйхатига киритилган бир қанча шахсларни тайинлади.
Бундан ташқари, янги ҳукумат таркибига бирорта ҳам аёл тайинланмаган.
Таъкидланишича, янги тайинловлар “Толибон”нинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид томонидан эълон қилинган. Хусусан, Кончилик ва нефть саноати вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Шаҳобиддин Делавар ва унинг ўринбосари Ҳожи мулла Муҳаммад Исо Охунд БМТ санкциялари остида.
Жанубий Кореянинг ўлимга ҳукм қилинган собиқ Президенти вафот этди
Корея Республикасининг собиқ Президенти Чон Ду Хван 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, Чон Ду Хван бугун, 23 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан 08:40 (Тошкент вақти билан 04:40) да Сеулдаги уйида вафот этган. Агентликнинг қайд этишича, собиқ Президент сурункали касалликлардан азият чеккан.
Назарбоев яна бир лавозимни Тўқаевга топширмоқчи
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳокимиятнинг “Nur Otan” (Ватан нури) партияси раиси ваколатларини мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга топширади. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.
“Сиёсий кенгаш (партия - таҳр.) кенгайтирилган йиғилишида Нурсултон Назарбоев "Nur Otan" партияси раиси ваколатларини топширишга қарор қилди ва партияни мамлакат Президенти бошқариши кераклигини таъкидлади. Ваколатни топшириш жараёни партия низомига мувофиқ амалга оширилади”, деб ёзган Айдос Укибай Twitterr саҳифасида.
БМТ кимлар “тирик товар”га айланаётганини маълум қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча давлатларни одам савдосига қарши курашни кучайтиришга, шу жумладан, тана аъзоларини сотишга йўл қўймасликка чақирди.
Бош Ассамблеянинг 76-сессияси делегатлари БМТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича Глобал ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича Сиёсий декларацияни қабул қилган.
Декларация барча давлатларни “тирик товар” савдогарлари томонидан қўлланилаётган жиноий схемаларни фош этишга чақиради.
Спорт
Полициячини уриб юборган автомобилда Нурмуҳамедов бўлгани тасдиқланди
Bellator жангчиси Усмон Нурмуҳамедов 11 ноябрь куни “Каспийск” аэропорти яқинида полициячини уриб юборган “Toyota Camry” автомобили ҳайдовчиси экани тасдиқланди.
Хабарларга кўра, полиция ходими Усмонни таниган, чунки назорат-ўтказиш пунктидан ўтиш вақтида ҳайдовчининг ён ойнаси очиқ бўлган.
Хабиб Нурмуҳамедовнинг амакиваччаси ҳисобланган Усмон ва унинг дўсти Камол Идрисов 39 ёшли полиция капитани Алексей Назаровни машинада уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Марадона юраксиз дафн этилгани маълум бўлди
Афсонавий футболчи Диего Армандо Марадона юраксиз дафн этилган. Бу ҳақда журналист Нельсон Кастро ўзининг китобида ёзган.
“Бир гуруҳ (мухлислар) юракни қазиб олишни режалаштирган эди. Одамлар бу режа ҳақида билиб олишди, бу содир бўлмади, юрак Марадонанинг жасадидан олиб ташланди. Бу тадқиқот учун ҳам қилинди, чунки юрак ўлим сабабини аниқлашда жуда муҳим эди”, дейди Кастро.
Месси ЕЧЛ фаворитларини айтди
ПСЖ ҳужумчиси Лионель Месси 2021-22 йилги Чемпионлар лигаси фаворитлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Marca” нашри маълум қилди.
“Ҳамма ПСЖ клубини Чемпионлар лигасининг асосий фаворити, деб айтмоқда. Даъвогарлар қаторида эканлигимизни инкор этмайман, лекин кучли жамоа бўлиш учун ҳали кўп ишлашимиз керак. Ҳа, фаворитлардан биримиз, лекин фақат ўзимиз эмас. “Ливерпуль” бугун жуда яхши формада. Ундан ташқари “Манчестер Сити”, “Бавария”, “Реал Мадрид” ва “Атлетико” каби жамоалар ЕЧЛда ғолиб чиқишга қодир”, дейди Месси.
LiveБарчаси