Ўзбекистон Франциядан тиббий вертолётлар сотиб олмоқда
Жамият
−
03 Ноябрь 2023
6958Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Франциянинг “Airbus Helicopters” компаниясидан 10 та тиббий вертолёт сотиб олмоқда. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция қўшма бизнес форуми Ўзбекистон учун манфаатли келишувлар эшигини очган.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Франциянинг “Airbus Helicopters” компанияси раҳбарияти билан мамлакатда тиббий авиация хизматини ташкил этиш бўйича бир қатор келишувларга эришган.
Унга кўра, Иноятов компания раҳбарияти билан Республика тез тиббий ёрдам тизими учун 10 та “Airbus H-145” русумли тиббий вертолётларни харид қилиш ҳамда Ўзбекистонда Европа стандартларига мос тиббий авиация хизматини ташкил этишни муҳокама қилган.
Шунингдек, музокара давомида мазкур соҳанинг моддий-техника базасини яратиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш, тоғли ва чекка ҳудудларда тиббий авиация хизматини ташкил этиш механизмларини ишлаб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари вазир тиббий кислород генераторлари, тиббий газ қурилмалари ва тизимларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Gaz sistem” компанияси раиси Жан Эдуард билан ҳам ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Эммануэль Макрон Самарқандга етиб келганди. 2 ноябрда Конгресс марказида уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олдинроқ Мирзиёев ва Макрон тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказганди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Қўшма баёнот қабул қилди. Президентлар ҳузурида молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Макрон келишидан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан мақсад мамлакатнинг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини ёзганди. AFP эса Елисей саройидаги манбасига таяниб, Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан минтақада АҚШ ва Европа Иттифоқи билан бирга Париж ҳам ўз вазнини сақлаб қолишини мақсад қилганини хабар берганди.
LiveБарчаси