Франциялик ҳамкорларимизга эшикларимиз доим очиқ – Мирзиёев 

Жамият

image

Бугун, 2 ноябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда икки давлат раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Франция томонидан тадбирда Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегат Оливье Бешт, Иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири ҳузуридаги саноат масалалари бўйича вазир-делегат Ролан Лескюр, “MEDEF International” бизнес уюшмаси Бош директори Клод Имовен, Франция тараққиёт агентлиги Бош директори Реми Риу қатнашган.

Бундан ташқари, тадбирда EDF, Voltalia, Total Energies, Orano, Eiffage, Veolia, SUEZ, Lactalis, Semai, Semmaris, Alstom, Airbus Helicopters, ATR, Vicat, Mobilitas, Boehringer Ingelheim, Thales, Aramine, Meridiame, Societe Generale, Natixis каби йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этган.

Самарқанддаги учрашувни очар экан, Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макронни ва Франция ишбилармон элитаси вакилларини самимий қутлаган.

Айтилишича, йил бошидан ўзаро савдо ҳажми уч баробар, кейинги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баробар кўпайган. Тўғридан-тўғри савдо алоқалари ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос экани қайд этилган.

“Бугун қадрли ҳамкасбим билан ниҳоятда самарали музокараларни ўтказдик, ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ўзаро муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятидамиз”, деган Ўзбекистон Президенти.

У ўз нутқида етакчилар келгусида савдо ҳажмларини кескин ошириш, Франция компанияларининг инвестициявий фаолиятини фаоллаштириш масалаларига ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олганларини қайд этган.

Билдирилишича, бунда қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади, бизнес учун янада қулай шароитлар яратилади ва ишбилармонлик ташаббусларига ҳар томонлама кўмаклашилади.

Шу маънода, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция савдо палатасини ташкил этиш бўйича форум доирасида эришилган келишувни олқишлаган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида “Business France” агентлигининг офисини очиш режалари қўллаб-қувватланган.

Бундан ташқари, Франция ҳукумати, етакчи компаниялари ва молия институтлари Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини фаол қўллаб-қувватлашда давом эттиришидан манфаатдорлик билдирилган.

“Бир нарсани аниқ айтишим мумкин – ислоҳотларимиз орқага қайтмас тус олди. Бизнинг бош устувор мақсадимиз – кучли фуқаролик жамияти институтлари, замонавий инфратузилма ва қудратли саноатга эга бўлган демократик давлатни қуришдир”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция шериклигини кенгайтириш бўйича тўртта энг устувор йўналишни кўрсатиб ўтган ва қатор ташаббусларни илгари сурган.

Форумда Ўзбекистон “яшил” энергетикадек муҳим соҳада стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланган. Бу борада “EDF”, “Voltalia” ва “Total Energies” компаниялари билан йирик лойиҳалар бошланган.

Кооперациянинг яна бир муҳим йўналиши сифатида стратегик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қайд этилган. Бу соҳада “Orano” компанияси билан шерикликни кенгайтириш режалари борлиги таъкидланган.

Шунингдек, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш муҳим устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилган. “SUEZ”, “Eiffage” ва “Veolia” компаниялари билан биргаликда Ўзбекистон сув таъминоти ва иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича катта ишлар олиб борилаётгани таъкидланган.
Навбатдаги муҳим йўналиш сифатида қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳудудларида замонавий агрологистика мажмуаларини қуриш бўйича Франция билан фаол ҳамкорлик қилиниши қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистон Президенти бизнес форуми икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида амалий мулоқотни жадаллаштириш ҳамда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга қаратилгани билан айниқса аҳамиятли эканини таъкидлаган.

“Янги Ўзбекистонда ишлаш учун франциялик ҳамкорларимизга эшикларимиз доим очиқ эканини, қандай фойдали қўшма лойиҳаларингиз бўлса, амалга оширишга доим тайёрлигимизни таъкидламоқчиман”, деган Мирзиёев сўзининг якунида.

Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам бизнес форум иштирокчиларига мурожаат қилиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ушбу сиёсат туфайли икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик учун катта имкониятлар очилганини қайд этган. 

Бизнес форуми якунида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда эришилган келишувлар бўйича салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябрь куни Эммануэль Макрон Самарқандга етиб келганди. Бугун, 2 ноябрда Конгресс марказида уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олдинроқ Мирзиёев ва Макрон тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказганди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Қўшма баёнот қабул қилди. Президентлар ҳузурида молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Макрон келишидан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан мақсад мамлакатнинг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини  ёзганди. AFP эса Елисей саройидаги манбасига таяниб, Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан минтақада АҚШ ва Европа Иттифоқи билан бирга Париж ҳам ўз вазнини сақлаб қолишини мақсад қилганини хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Шавкат Мирзиёев Самарқанд Ўзбекистон Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг