Мирзиёев ва Макрон нималарга келишиб олди?
Жамият
−
02 Ноябрь 2023
9348Бугун, 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Франция Президентининг Ўзбекистонга охирги 30 йилдаги илк ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.
Эммануэль Макрон эса Ўзбекистон раҳбарига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Франция делегациясига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган.
“Етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, музокаралар давомида кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатлари барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани таъкидланган.
Қайд этилишича, икки давлат орасидаги жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошган. Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.
“Яшил” энергетика, хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларда янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.
Етакчилар сиёсий мулоқотни давом эттириш, хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этган.
Бундан ташқари, Президентлар маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартиби бой эканини таъкидлаган. Ўзбекистонда француз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани айтилган. Шу муносабат билан томонлар Франция альянсининг Самарқанддаги филиали очилишини олқишлаган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябрь куни Эммануэль Макрон Самарқандга етиб келганди. Бугун, 2 ноябрда уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. У келишидан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан мақсад мамлакатнинг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини ёзганди. AFP эса Елисей саройидаги манбасига таяниб, Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан минтақада АҚШ ва Европа Иттифоқи билан бирга Париж ҳам ўз вазнини сақлаб қолишини мақсад қилганини хабар берганди.