Ўзбек футболида тизим йўқ — Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Интервью 6033
image

Хабарингиз бор, яқинда Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлади. У хайрлашув нутқида болалар футболининг яхши йўлга қўйилмагани, бунинг келажакда жуда кўп бора банд беришини, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси яратаётган шароитларнинг қониқарли эмаслигини айтиб ўтган эди. Мазкур ҳолат футбол мухлисларини кўп томонлама ўйга солиб қўйгани табиий, албатта. Журналист ва футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев Аҳмедовнинг гаплари ҳамда ўзбек футболидаги тизимнинг жуда ёмонлиги ҳақида фикр билдириб ўтди. У бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида гапирган. 

“Глобал маънода қаралса, ўзбек футболида тизим йўқ. Буни тан олишимиз керак. Мураббийларни танлаш ва тайинлаш категорияси ҳам йўқ. Айтайлик, болалар ва ёшлар жамоасида қайси мураббий ишлаши ва қандай талабларга жавоб бериши керак. Ҳар бир ёш тоифасидаги жамоалар даражаси ҳам бир хил бўлиши керак. Ўсмирлар терма жамоасининг шаклланишида, қайси жамоа кучли бўлса, ўша жамоанинг бош мураббийи бош мураббий этиб тайинланади ва табиийки, ўз шогирдларини ва Тошкент чемпионатида кўрган футболчиларини ўйнатади. Вилоятни кезиш имкони унда йўқ.

Тўғри, вилоятлардан келган футболчилар бўлиши мумкин, бироқ ота-онаси ёки мураббийи олиб келганлари, холос. Яна қанча истеъдодлар кашф қилинмади. Тимур Кападзе футболчилик фаолиятини тугатди, “Локомотив”да ўринбосарлар жамоасига устозлик қилди. Салоҳиятли, тажрибали мутахассисга айланди. Бабаяндан сўнг, терма жамоа мураббийсиз қолган пайтда у мураббийлик қилди. Кейинчалик Купер олиб келинди. Ҳозир эса “Олимпик” жамоаси билан ишлаяпти. Уни эса кейинги Олимпиадага тайёрланаётган жамоанинг ўзаги сифатида эътироф этяпмиз. Украинада Лобановский Хотира турнирида ғалаба қозониб келди, эртага Олимпия терма жамоасига номзодларни ўзи мураббийлик қилаётган жамоадан танлаб олади. “Олимпик” Про-лигада “Нефтчи”, “Хоразм”, “Шўртан” каби клублар билан ўйнаяпти, Тимур эса, фақат шуларни кўряпти. 18 ёшгача бўлганлар чемпионатини кўргани эса вақти йўқ”.

Маълумки, авваллари, футболчилар клублари учун миллий терма жамоада ўзларини аяган ҳолда ўйнайди, қабилидаги гаплар кўпчилигимизнинг қулоғимизга чалинган. Шу каби гапларни эшитганда деярли ҳамма мутахассисларнинг фикрини эшитишга қизиқиши табиий. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев QALAMPIR.UZ билан суҳбатда давом этаркан, бу борада ҳам ўз изоҳини айтиб ўтди.

“Бу гап барча замонларда ўйини қовушмаган терма жамоаларнинг ҳаммасида бўлган. Бу ҳақиқатдан йироқ фикр. Одил Аҳмедовдан аввал терма жамоада тўп тепган Максим Шацких "Динамо Киев" сафида Европа чемпионлар лигасида етакчи ҳужумчи сифатида ўйин кўрсатган ва голлар урган. Ўзбекистон терма жамоасига келган пайтда, мухлислар бугун Элдор Шомуродовдан кутганларидек, у бор, рақиб дарвозасини ишғол этади ва биз ғалаба қозонамиз, деб ўйлашган. Агар жамоа мағлуб бўлса, ишқибозлар Максим, Одил ва Элдор сингари футболчилар ҳақида, "клубида миллионларни олиш учун, оёғини аяди, ўзини аяди", деб гапира бошлайди. Бўлмаган гап!

Биз бошқа томонини инобатга олмаяпмиз: улар билан бир клубда ўйнайдиган шериклари даражасидаги футболчилар терма жамоамизда йўқ! Футбол жамоавий ўйин. Якка спорт турларида бокс ва дзюдо кабиларда Ўзбекистон вакиллари деярли барча мусобақаларда медалларни қўлга киритмоқда. Бироқ футболни 11 киши ўйнайди. Ҳимоячилар ишончли ўйнашлари, ярим ҳимоячилар қулай тарзда ҳужумчиларга тўпни етказиб, доимий равишда бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари керак. Мисол учун Иньеста ва Хави "гуллаган" пайтдаги Месси қай даражада ўйнардию, ҳозиргиси қай даражада ўйнаяпти?!

Шу жиҳатдан олиб қарасак, ҳеч бир футболчи Ватани учун ҳеч қачон жонини аямаган”, дейди Тўхтамирзаев.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 112
Рейтинг: 3
t
×