Путин янги президентлик даврида илк ташрифни қайси давлатдан бошлаши айтилди

Олам

image

Бугун, 7 май куни навбатдаги 6 йиллик президентлик даври учун қасамёд қабул қилган Владимир Путиннинг илк ташрифи Хитой Халқ Республикасига бўлади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди. 

Бироқ Путиннинг анчадан буён Туркияга амалга ошириши кутилаётган ташрифи санаси аниқланмаган. 

“Йўқ, ҳали қарор қабул қилинмади”, дейди Ушаков. 

Унинг ишонтириб айтишича, Туркияга ташриф Хитойдан кейин амалга оширилади.

Кеча, 6 май куни бўлиб ўтган брифингда Россия етакчисининг ёрдамчиси Путиннинг Хитойга ташрифининг аниқ саналари тез орада эълон қилинишини таъкидлади.  

“Хитой томони ва мен яқин кунларда ташриф саналарини расман эълон қиламиз”, деб ваъда берди Кремль вакили. 

У, шунингдек, бу Россия давлат раҳбарининг лавозимга киришганидан кейинги илк халқаро ташрифи бўлишини таъкидлади.  

“Биз хитойларга буни ваъда қилган эдик ва хитойлар бу таклиф билан чиқишди. Бу, дейиш мумкинки, (Хитой) Раиси Си Цзиньпиннинг [Россияга] ўтган йили, шунингдек, тегишли сайловлардан кейин амалга оширилган биринчи расмий ташрифига жавобдир”, дейди у.

Унинг билдиришича, Туркияга ташриф кун тартибида турибди. 

“Албатта, бунга тайёргарлик кўрилмоқда, аммо аниқ саналар ҳали келишиб олинмаган”, дейди Россия Президентининг ёрдамчиси.

Кремль вакили Туркияга ташриф ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири эканини айтди.

“Биз яқин келажакда жаноб (Туркия Президенти Ражаб Тойиб) Эрдўғаннинг таклифларини амалга оширишнинг мумкин бўлган вақтини том маънода муҳокама қиламиз”, дея аниқлик киритди Ушаков.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг