Украинада уруш: Эрдўған Путинга ниятини айтди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған  Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмурияти Матбуот хизмати хабар берди

Таъкидланишича, давлат раҳбарлари Россия ҳамда Украина ўртасидаги урушдаги сўнгги ўзгаришлар ва гуманитар вазиятни муҳокама қилган.

Туркия раҳбари бир қатор масалаларни келишиб олиш учун Россия Федерацияси ва Украина етакчиларирининг шахсий учрашуви бўлиши кераклигини таъкидлаган. Шу муносабат билан Эрдўған яна бир бор Путин ва Зеленскийни Истанбул ёки Анқарада учрашишни таклиф қилган.

Эрдўған, агар Украинада ўт очмаслик режими эълон қилинса, томонлар қарама-қаршиликларни ҳал қилиш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирган. 

Шунингдек, Туркия раҳбари Украинадаги гуманитар йўлаклардан икки йўналишда самарали фойдаланиш ва вазиятни жойида кузатиш муҳимлигини таъкидлаган.

Айтиш жоизки, аввалроқ, Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилганди.  Мулоқот чоғида Эрдўған  Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш учун жадал дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб бораётганини қайд этганди.

Эслатиб ўтамиз, 10 март куни Туркиянинг Анталия вилоятида Туркия воситачилигида Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров учрашуви ўтказилди. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли  ҳам иштирок этган уч томонлама музокара якунида аниқ бир келишувга эришилмаган бўлса-да, томонлар бундай музокараларни ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг